Русланбек Давлетов президент маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

© Sputnik / Рамиз БахтияровРусланбек Давлетов
Русланбек Давлетов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 15.11.2022
Oбуна бўлиш
Русланбек Давлетов 2017 йилдан буён Ўзбекистон адлия вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Русланбек Давлетов президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Ўзбекистон президенти тегишли фармонга имзо чекди.
"Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан Русланбек Қуролтайевич Давлетов Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси адлия вазири лавозимидан озод этилди", - дейилади давлат раҳбари матбуот котиби берган хабарда.
Русланбек Давлетов 1980 йили 1 июнда Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Маълумоти– олий, ҳуқуқшунос, иқтисодчи, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.
2001 йил Буюк Британиянинг Варвик университетини, 2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини (магистратура), 2007 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва 2010 йил Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида етакчи мутахассис лавозимида бошлаган. Кейинчалик мазкур қўмитада бош мутахассис, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.
2004−2012 йилларда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Ахборот-таҳлил бошқармаси, Ҳуқуқий экспертиза ва халқаро шартномалар бошқармаси етакчи мутахассиси, бош мутахассиси, 2012−2014 йилларда Олий суд ҳузуридаги Суд қонунчилигини демократлаштириш ва либераллаштириш ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлаш бўйича Тадқиқот маркази директори ўринбосари, директор вазифасини бажарувчиси, 2014−2016 йилларда президент девони Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси тузилмалари билан фаолиятни мувофиқлаштириш шўъбаси мудири, 2016-2017 йилларда адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 2017 йил 4 январидан президентнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчисининг 1-ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатган.
2017 йил августдан буён адлия вазири бўлиб ишлаб келаётган эди.
2021 йил 26 августда президент фармони билан "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.
Янгиликлар лентаси
0