Можароли саммит. Балидаги G20 йиғилишидан нимани кутиш мумкин?

© AP Photo / Dita AlangkaraЛоготип саммита G20 в Индонезии.
Логотип саммита G20 в Индонезии. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 14.11.2022
Oбуна бўлиш
Эртага, 15 ноябрь куни Индонезияда икки кунлик G20 (“Катта йигирматалик”) саммити очилади.
Форум бошланмасиданоқ иштирокчилар ва кун тартибининг ноаниқлиги туфайли можароларга тўлди. РИА Новости Балига ким ва нима учун бориши ҳақида материал тайёрлади.

Индонезияча дипломатия

“Катта йигирматалик” иқтисодиёти энг ривожланган давлатларни бирлаштиради. Шу боис саммитларда асосан иқтисодий ва молиявий муаммолар кўриб чиқилади.
Бироқ, декабргача гуруҳга раислик қиладиган Индонезия ўз позициясидан сиёсий қарама-қаршиликларни юмшатиш учун фойдаланишга қарор қилди. Март ойидаёқ АҚШ президенти Жо Байден Россияни G20 дан четлаштириш чақириғи билан чиққанди, бироқ Индонезия томони Владимир Путинни саммитга таклиф қилди. Украина “Йигирматалик”га кирмаса ҳам президент Владимир Зеленский ҳам Балидаги йиғинга чақирилган. У эса ультиматум қўйди: Путин борса, у саммитга бормайди. Шунга қарамай, расмий Жакарта Кремлга юборилган таклифини қайтариб олмади.
Индонезия президенти Жоко Видодо “Financial Times” газетасига берган интервьюсида ўз позициясини ҳимоя қилар экан, унинг мамлакати гуруҳнинг барча аъзолари ўртасида консенсусга эришилмаса, Россияни ҳеч қандай тарзда “изоляция қилиш” ваколатига эга эмаслигини таъкидлади.
Натижада, ҳам Россия, ҳам Украина президентлари саммитда шахсан иштирок этишдан бош тортди. Хусусан, Зеленский саммит иштирокчиларига видео ҳавола орқали мурожаат қилиши кутилмоқда. Бали оролидаги Россия делегациясига ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бошчилик қиладиган бўлди. Шунга қарамай, Индонезиянинг дипломатик саъй-ҳаракатларини муваффақиятли деб ҳисоблаш мумкин. Ва бу Ғарбнинг Москвани G20 дан чиқариб ташлаш режаларини амалга ошириш мумкин эмаслигининг яна бир далилидир.

Типирчилаб қолган Байден

Россияни изоляция қила олмаган Байден саммит олдидан бир нечта қарама-қарши сигналлар берди.
Дастлаб матбуот Оқ уйдаги манбаларга таяниб, АҚШ президенти Путин билан Украина муаммосини Балида муҳокама қилишга тайёрлигини хабар қилди. Бироқ кейинроқ Америка раҳбари ҳам, унинг матбуот котиби ҳам юзма-юз учрашувдан маъно йўқлигини расман таъкидладилар.
Шу билан бирга, Байден Вашингтон Бриттни Грайнерни озод қилиш бўйича музокараларни давом эттираётганини тасдиқлади. Америкалик баскетболчи Россияда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбдор деб топилиб, тўққиз йил озодликдан маҳрум қилинди. Қўшма Штатлар матбуоти Оқ уй Кремлга Грайнер ва тўрт йил аввал Москвада ҳибсга олинган собиқ денгиз пиёдаси Пол Уиланни Америкада жазо ўтаётган россиялик Виктор Бутга алмашишни таклиф қилгани ҳақида бир неча бор хабар тарқатди.
Байден учун бу муаммо бир қарашда кўринадиганидан анчайин муҳимроқ.
“Қўшма Штатларда ўз фуқароларини чет элда қўллаб-қувватлаш масаласи фундаментал аҳамиятга эга, бу сиёсий жиҳатдан фойдали жиҳат. Менимча, Байден Конгресс сайловларидан олдин ҳам Грайнер алмашинувини муҳокама қилмоқчи бўлган. Аммо ҳозир ҳам муваффақиятли натижа унга очколар келтиради. Бироқ ҳаммаси айирбошлашнинг ўзига хос шартларига ва давлат раҳбарларининг сиёсий иродасига боғлиқ бўлади”, деб эслатди Россия халқаро масалалар бўйича кенгаши директори Андрей Кортунов РИА Новости билан суҳбатда.
Саммитдан бир ҳафта олдин Байден Россия томони “аниқроқ музокараларга (Грайнер бўйича – таҳр.) тайёр”лигига шама қилди. Бироқ музокараларда олдинга силжишнинг муқобил йўллари ва уларнинг Балида муҳокама қилиниши ҳақидаги саволга жавобан Байден элдан бурун башорат қилишдан тийилишга чақирди.

АҚШ Хитойга юзланяпти

Оқ уй G20 даги АҚШ-Россия кун тартиби юзасидан тайинли қарор қилмаган бўлса, Осиё йўналишида вазият бирмунча аниқроқ кўриниш олган. Байденнинг сўзларига кўра, у ХХР раиси Си Цзиньпин билан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳақида гаплашмоқчи. Америка етакчисининг таъкидлашича, Вашингтон Пекин билан “можаро эмас, балки рақобатга интилмоқда”.
Тайвань муаммоси ҳақида гапирар экан, Байден кескин фикр билдиришдан қочди ва фақатгина Хитой раҳбари билан бу масалани “муҳокама қилиш”га ваъда берди.
Бошқа томоннинг билвосита сигналлари Қўшма Штатлар Хитой билан қарама-қаршиликни “тўхтатиб туриш”га жиддий қарор қилганидан далолат беради. “South China Morning Post” нуфузли нашри Балидаги учрашув арафасида Америка-Хитой G2 форматини яратиш имконияти ҳақида мақола чоп этди. Муаллифларнинг фикрича, дунёнинг ҳозирги қутбларга бўлишини Вашингтон ва Пекин ўртасида яқин ҳамкорлик зарурлигини тақозо этмоқда.
Байден Си билан учрашганда ҳеч қандай ён беришга бормаслигини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, у ҳар икки етакчи саммитни бир-бирининг позициясини аввалгидан кўра яхшироқ тушунган ҳолда тарк этишига умид билдирди.

Эртанги кун ғамида

РИА Новости сўровига жавоб берган экспертлар Балидаги йиғин муҳим бурилиш нуқтаси бўлмайди, деб ҳисоблаяпти. Андрей Кортуновнинг таъкидлашича, бу G20 нинг биринчи учрашувларига ўхшайди, аммо чуқурроқ зиддиятлар мавжуд.
“Саммит инқирозли муҳитда ўтяпти. G20 2008 йилдаги молиявий инқирозга жавоб сифатида, форум давлат раҳбарлари даражасида ишлай бошлаганда тўлиқ шаклланди. Ўшанда умумий ғоя жаҳон иқтисодиёти ва молиясини бошқариш тамойилларини қайта қуриш эди. Умуман олганда, ўйинчиларнинг манфаатлари фарқи бўлгани учун қайта қуриш амалга ошмади. Ҳозир вазият яхши эмас, муаммолар аввалгидан ҳам кўп, бирлик даражаси 14 йил олдингидан ҳам пастроқ”, - дейди эксперт.
Консенсусга эришиш йўлида бир қанча тўсиқлар мавжуд. Биринчидан, сўнгги йилларда АҚШ позицияларини оёқ ости қилаётган Хитойнинг роли сезиларли даражада ошди. Иккинчидан, иқтисодий санкциялар ташқи сиёсатнинг умумий элементига айланиб, анъанавий музокараларни сиқиб чиқарди. Учинчидан, кўпгина ўйинчилар бир-бирига қайтадан кўникиши керак.
Мисол учун, Германия канцлери Олаф Шольц, Италия бош вазири Жоржия Мелони ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак учун бу саммит биринчи тажриба бўлади. Қолган G20 аъзолари бу шерикларга “мослашиши” керак бўлади.
Ноқулай геосиёсий шароитда дастлабки тайёргарликсиз оламшумул ечимларни амалга ошириш эҳтимолдан йироқ, дейди Кортунов. Бу G20 да муҳокама қиладиган ҳеч нарса йўқ дегани эмас, лекин келишувлар энди бутун гуруҳ миқёсида эмас, балки фақат икки томонлама даражада реал кучга эга бўлади. Сиёсатшуноснинг фикрича, агар гап фундаментал умумий келишувлар ҳақида кетса, Россия раҳбари саммитда шахсан иштирок этиши мумкин эди.
Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг халқаро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Александр Орлов ҳам ҳозирги шароитда Путиннинг Балида йўқлиги фундаментал аҳамиятга эга эмас, деб ҳисоблайди.
“Бу бўлиб ўтган ва бўлиб ўтадиган бир қатор халқаро учрашувлардан яна биридир. Бу дунё иқтисодий таназзул даврига кираётгани билан боғлиқ, бу қанчалик чуқурлигини фақат тахмин қилиш мумкин. Ва бу муаммони бир саммит билан ҳал қилиб бўлмайди”, - дейди эксперт.
16 ноябрь куни бўлиб ўтадиган йиғилиш якунлари бўйича “Катта йигирматалик” бирорта коммюнике эълон қилиши кутилмоқда. Аммо хорижлик таҳлилчилар 1 декабрдан гуруҳда раислик Ҳиндистонга ўтишини кўпроқ кутяпти. АҚШ молия вазири Жанет Йеллен аллақачон бу жаҳон иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беришига ишонч билдирди. Бошқа томондан, Ҳиндистон Россиянинг анъанавий, жумладан, кенгаяётган BRICS блоки доирасида ҳамкори экани сабаб, расмий Москва бундай сценарийдан фойда кўради.
Янгиликлар лентаси
0