“Чирчиқ” полигонида давлат бошқарув органлари раҳбарлари иштирокида йиғин бошланди

Oбуна бўлиш
Беш кун давом этадиган тадбирда улар қўшинлар кундалик фаолияти билан танишишади.
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Мудофаа вазирлигига қарашли Чирчиқ умумқўшин полигонида давлат бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимяти органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғин бошланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар қилди.
Беш кун давом этадиган тадбирда вазирлар, раислар, агентлик ва инспекция бошлиқлари, бош директорлар қўшинлар кундалик фаолияти билан танишишади. Мамлакат мудофаасини ташкиллаштириш доирасида юклатилган вазифалар бажарилишининг самарадорлигини ошириш учун бевосита ҳарбий хизмат муҳитида бўладилар.
Мазкур йиғин мақсади давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини жанговар тайёргарлик фанлари бўйича назарий ва амалий машғулотларни ўтказиш йўли билан аввал олинган ҳарбий кўникмаларини қайта тиклаш (шакллантириш) ва такомиллаштиришдан иборат.
Шунингдек, ҳудудий мудофаа ва фуқароларни ҳимоя қилишни ўрганиш (ўзлаштириш), маънавий-ахлоқий ва маънавий-руҳий сифатларини ривожлантириш, давлат ҳарбий қурилиш ишларида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништириш, дахлдорлик ҳисларини ошириш мақсад қилинган.
Тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов ҳам иштирок этиб, йиғиш иштирокчиларини қутлади. Машғулотлар мамлакат армиясининг қудрати билан яқиндан танишиш учун ажойиб имконият эканлигини таъкидлаб, барчага омад тилади.
Йиғиннинг биринчи кунида белгиланган йиғин пунктига етиб келган вазирлик ва идоралар раҳбарлари тиббий кўрикдан ўтказилди, уларга кийим-кечак ва анжом-аслаҳалар топширилди. Улар ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича гуруҳларга тақсимланди.
Давлат бошқарув органлари раҳбарлари жаҳон ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазият бўйича таҳлилий маълумотлар, Қуролли Кучларни ривожлантиришда ҳарбий-маъмурий секторларнинг фаолияти ва роли билан танишади.
Шунингдек, йиғин иштирокчилари алоқа, тактик-тиббий, ҳарбий спорт ҳамда отиш тайёргарликларидан ўтиб, ўзларининг билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлайди.
Оператив, сафарбарлик, ахлоқий-руҳий, тактик тайёргарликлардан ўтиш орқали замонавий армияда олиб борилаётган ислоҳотлардан атрофлича бохабар бўлиб боради.
1/7
2/7
3/7
4/7
5/7
6/7
7/7
Янгиликлар лентаси
0