“Казбек” ўзбек-беларус фильмида бош ролни ўзбек актёри ижро этади – тафсилотлар
© Кинематография агентлиги “Казбек” ўзбек-беларус фильми
© Кинематография агентлиги
Oбуна бўлиш
"Казбек" ко-продукциясининг қиймати 2 миллион доллар бўлиб, бу маблағ “Ўзбекфильм” ва “Беларусфильм” кинокомпаниялари томонидан тенг улушларда тўланади.
ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. “Казбек” ўзбек-беларус фильмини суратга олиш ишлари бошланди. "Казбек" ко-продукциясининг қиймати 2 миллион доллар бўлиб, бу маблағ “Ўзбекфильм” ва “Беларусфильм” кинокомпаниялари томонидан тенг улушларда тўланади, дея хабар берди Кинематография агентлиги.
Айтилишича, Минскда бўлиб ўтаётган “Листапад” кинофестивалида киноактёр Улуғбек Қодиров билан “Казбек” ўзбек-беларус фильмида иштирок этиш бўйича шартнома имзоланди.
© Кинематография агентлиги “Казбек” ўзбек-беларус фильми
“Казбек” ўзбек-беларус фильми
© Кинематография агентлиги
Қодиров Мамадали Топиволдиев-Казбек образини ижро етади. Фашистлар уни “Осиё арслони” деб атаган.
Уч томонлама шартномани “Ўзбекфильм” киноконцерни директори Баҳодир Одилов, актёр Улуғбек Қодиров ҳамда “Беларусфильм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский имзолади.
Картинани суратга олиш ишлари шу йилнинг декабрь ойида бошланиши режалаштирилган. Фильм режиссёри Муҳамад Aли Искандаров.
“Фильмда бош ролни – Ватанимиз қаҳрамони, жасур ўғлон Мамадали Топиволдиев ролини ўйнаётганимдан ниҳоятда фахрланаман. Бу мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Ушбу роль менинг 2-жаҳон уруши ҳақида олинаётган фильмдаги илк иштироким, биринчи тажрибам. Бироз ҳаяжондаман. Ролга тайёргарликни аллақачон бошлаганман”, дейди Улуғбек Қодиров.
Актёрнинг айтишича, у мунтазам равишда спорт залига қатнаб, жиддий шуғулланмоқда. Чунки миллат қаҳрамони қиёфасини ишончли яратиш унинг учун жуда муҳим.
“Листапад” кинофестивалида иштирок этаётган Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Aбдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва “Казбек” фильмини суратга олиш режалаштирилган жойларда бўлди. Фильм қаҳрамонларига мос костюмлар танлашда иштирок этди.
“Шу йил сентябрда Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида ўзбек ва беларусь киноижодкорлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинган эди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, биз биргаликда 3 йилдан буён самарали ҳамкорлик қилдик. “Илҳақ”, “Муҳаббат баҳори” каби фильмларни биргаликда суратга олдик, ҳозирда иккита кинолойиҳа – “Казбек” ва “Якуб Коласс”ни суратга олиш ишларини амалга оширмоқдамиз”, дейди Фирдавс Aбдухолиқов.
Маълумот учун, 7-11 ноябрь кунлари Минскда Листапад кинофестивали бўлиб ўтди. Унда Минск ва Могилев шаҳарларида ўзбек киноси кунлари ташкил этилди, жойлардаги кинотеатрларда “101 рейс”, “Aёл қисмати”, “Севишганлар” каби ўзбек фильмлари беларуслик томошабинларга тақдим этилди.
Бундан ташқари, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган лойиҳалар питчинги бўлиб ўтди. Унда Баҳодир Умурзоқовнинг “Ойжамол” романи асосида икки қисмдан иборат “Ҳаёсиз аср” картинаси –ишғол қилинган ҳудудлардан эвакуация қилинган юз минглаб одамларни қабул қилган ўзбек халқининг олижаноблиги ва саховатлилиги ҳақидаги фильм лойиҳаси тақдим этилди.
Кинофестиваль доирасида МДҲ Ижроия қўмитасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар – Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон кинематографияси бўйича Ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Учрашувда Ижодий бирлашма таркибига кирган ва бошқа бир қатор давлатлар фильмларини тақдим этадиган ягона қўшма платформа яратиш бўйича келишувга эришилди.
© Кинематография агентлиги “Казбек” ўзбек-беларус фильми
“Казбек” ўзбек-беларус фильми
© Кинематография агентлиги
Ижодий уюшманинг “Олтин тўплами” фильмларини йиғишга ҳам келишиб олинди. Видеотўпламни МДҲ давлатлари платформаларида томоша қилиш мумкин бўлади.