Давлат органлари ходимларини ротация қилиш тартиби белгиланмоқда
© Sputnik / Сергей Гунеев
/ Oбуна бўлиш
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилот ходимларини ротация қилиш тартибини белгиловчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.
ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Келаси йилдан давлат органлари ва ташкилот ходимларини ротация қилиш бўйича тизим жорий этилади. Бу бўйича Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Мақсад - кадрларнинг юқори мобиллигини таъминлаш, уларнинг шахсий ва касбга оид сифатларини ривожлантириш, фаолиятининг самарадорлигини ошириш, шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб кадрлар ротациясининг мақсад ва вазифалари, тартиби, шартлари, тамойиллари ва турлари белгилаб берилади.
Шунингдек, ротациядан ўтган давлат фуқаролик хизматчисининг кейинги меҳнат фаолиятини ҳамда ротациянинг касбий ўсишга таъсири бўйича кафолатлари ҳам тартибга солинади.
Ҳужжат билан қуйидаги ишлар амалга оширилади:
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги давлат органлари билан биргаликда коррупциявий хавф-хатар даражаси “юқори” бўлган лавозимлар рўйхатини тасдиқлайди.
Лойиҳа билан мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг рўйхати тасдиқланади.
Мажбурий тартибда ротация қилинадиган лавозимларда бўлиш муддати қатъий белгиланади.
Ротация қилиш борасида давлат фуқаролик хизматчиларининг моддий таъминоти, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчилари ва унинг оила аъзоларининг ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ масалаларнинг институционал-ҳуқуқий асослари таъминланади.
Шунингдек, “hrm.argos.uz” автоматлаштирилган ахборот тизимида давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш жараёнини электрон юритиш имконияти яратилади.
Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, Хитой, Россия, Қозоғистон тажрибаси ҳам ўрганилган.
Маълумот учун, ротация — давлат фуқаролик хизматчисини эгаллаб турган лавозимдан тенг бўлган бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказиш.