Виктор Орбан Европанинг Украинага қурол бериш сиёсатини танқид қилди

© SputnikПремьер-министр Венгрии Виктор Орбан. Архивное фото
Премьер-министр Венгрии Виктор Орбан. Архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 11.11.2022
Oбуна бўлиш
Виктор Орбан туркий давлатлар раҳбарларига тинчлик ғояларини илгари сураётгани учун миннатдорлик билдирди.
ТОШКЕНТ, 11 ноя - Sputnik. Украинага дастлаб ҳимоя қуролларини етказиб берган Европа давлатлари эндиликда ҳужумкор ҳарбий техникалар етказиб беришни бошлади. Бу ҳақда Венгрия бош вазири Виктор Орбан бугун, 11 ноябрь куни Самарқандда ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
“Европада тинчлик ҳақидаги хитобларни уруш овозлари босиб кетмоқда. Давлатлар ташқи сиёсат масаласида нима хоҳлаётганини аниқлаштириб олмаган. Улар асосан АҚШнинг қарашлари ортидан бораётгандек.
Европа давлатлари аввалига Украинага ҳимоя қуролларини беришди, энди эса ҳужум қилиш имконини берадиган қуроллар етказиш бошланди”, - дейди Виктор Орбан.
У Туркий давлатлар ташкилоти тинчлик ғояларини илгари сураётганини қайд этиб ўтди. Шунингдек, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғанга ҳам “дон йўлаги”ни очиб бергани учун миннатдорлик билдирди.
“Биз Туркий давлатлар ташкилотини "тинчлик форуми" деб атаймиз. Барчангизга тинчлик ғояларини илгари сураётганингиз учун миннатдорлик билдираман.
Туркия президенти жаноб Эрдоғанга буғдой коридорини очиб бергани ва қочоқлар билан боғлиқ масалаларни ҳал этаётгани учун миннатдорлик билдираман. Акс ҳолда Венгрия қийин аҳволда қолган бўларди”, - дея ташаккурини билдирди Орбан.

Самарқанд ТДТ саммити

Бугун, 11 ноябрь куни, Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.
Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.
ТДТ саммити якунида Самарқанд декларацияси қабул қилиш режалаштирилган.
Янгиликлар лентаси
0