Шавкат Мирзиёев Туркий саммитда нималарни таклиф қилди?
11:05 11.11.2022 (янгиланди: 11:58 11.11.2022)
© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Шавкат Мирзиёев ўзаро савдо ва транспорт алоқаларини ривожлантириш, хавфсизлик ва ёшлар сиёсати соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ташаббуси билан чиқди.
ТОШКЕНТ, 11 ноя - Sputnik. Бугун Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарлари саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қатор муҳим ташаббусларни таклиф қилди. Sputnik мухбири хабарига асосан.
Ўзаро савдони ривожлантириш
Туркий давлатлар орасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш. Айни дамда ТДТ мамлакатлари ўзаро савдо айланмаси 4%. Бунга жумладан юқори импорт божлари тўсиқ бўлмоқда.
Вазиятни ўзгартириш мақсадида Мирзиёев “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этиш ҳамда ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форум ўтказишни таклиф қилди.
Ундан ташқари учинчи мамлакатлар бозорларига биргаликда чиқиш, қўшилган қиймат узлуксиз занжирларини яратиш, юқори технологик кластерлар ва венчур ширкатларни ташкил этиш ҳамда Қўшма инвестиция фондини ишга тушириш ҳам таклиф қилинди.
Транспорт боғлиқликни кучайтириш
Транспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни кучайтириш – яна бир стратегик муҳим масала. Транскаспий халқаро коридорни ривожлантириш. Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 % ташқи савдо юкларини ташимоқда.
Йил охирига қадар ТДТ транспорт вазирликлари транспорт соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча таклифлар ишлаб чиқиши лозим. Бунда асосий эътибор - минтақадаги транзит коридор-ларининг рақобатбардошлигини ошириш, бизнес учун энг мақбул тарифларни жорий этиш ва замонавий транспорт инфратузилмасини яратишга қаратилиши керак.
Шу ўринда, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган авто-транспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз.
Озиқ-овқат хавфсизлиги
Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат соҳасида ТДТ нафақат ўз мамлакатларини, балки ташқи бозорларни ҳам қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконияти борлигини кўрсатди.
Ушбу йўналишда ҳамкорлигимизни чуқурлаштиришимиз учун Шавкат Мирзиёев қуйидагиларни таклиф қилди:
1.
Биринчидан, глобал ва ички бозорларимиз эҳтиёжлари, давлат-ларимизнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш самарали тизимини яратиш бўйича Ташкилотимиз доирасида кўп томонлама битим қабул қилиш.2.
Иккинчидан, соҳага инновациялар, замонавий билим ва илғор технологияларни жадал олиб кириш мақсадида Туркий давлатлар ташкилоти ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ўртасида кенг қамровли шерикликни ўрнатиш.3.
Учинчидан, ижобий тажриба асосида, Туркий агрофорумни мунтазам ўтказиб бориш ва унинг иккинчи анжуманида “СМАРТ” қишлоқ хўжалиги халқаро кўргазмасини ташкил этиш.Туркий дунё ёшларини бирлаштириш
Келгуси йили юртимизда туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни таклиф этаман.
Унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизларимиз, ташкилотимиз оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Ташкилот Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш айни муддао бўлар эди, - деди Шавкат Мирзиёев.
Хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик
Жаҳоннинг турли нуқталаридаги зиддиятли воқеалар туркий дунёнинг умумий хавфсизлигига ҳам таъсир ўтказаяпти.
Ушбу вазиятда терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ТДТ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва махсус хизматларининг доимий алоқада бўлиши ва ўзаро ҳамкорлигини кучайтириши лозим.
ТДТ Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этишга тайёрлигимизни билдирамиз.
Ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни албатта жиддий ташвишга солади. Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак.
Афғон масаласи бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш мақсадида ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларини мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз.
Маданий соҳада ҳамкорлик
Ўзбекистон Туркий маданият халқаро ташкилотига тўлиқ аъзо бўлди. Келгуси йилда ушбу ташкилот доирасида Туркий халқлар маданияти фестивалини ўтказишни тўлиқ маъқуллаймиз.
Ўзбекистонда яқинда ТДТ аъзолари ва кузатувчи давлатлари адабиётининг сара намуналаридан иборат 100 жилдли “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламини ўзбек тилида чоп этилди. Ушбу бебаҳо маънавий хазинани барча аъзо ва кузатувчи давлатлар тилларида ҳам чоп этилса - ёш авлод-ларимизни ўзаро яқинлаштириш учун мустаҳкам замин яратган бўлар эдик, - деди Шавкат Мирзиёев.
ТДТ саммити доирасида туркий дунё бирлигини мустаҳкамлашга ҳисса қўшган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот биринчи марта топширилади. Ўзбекистон ушбу мукофотни ҳар йили бериб боришни таклиф қилади.
"Ташкилотимиз доирасида 2023 йилни туркий цивилизациянинг юксалиш йили, деб эълон қилиш таклифимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун ташаккур билдираман", - деди Шавкат Мирзиёев.
Самарқанд ТДТ саммити
Бугун, 11 ноябрь куни, Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев раислигида ўтадиган тадбирда Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан иштирок этади.
Саммит кун тартибидан иқтисодиёт, савдо, инвестиция, транспорт, инновация, экология, туризм, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, Ташкилот фаолиятини такомиллаштириш масалалари ўрин олган.
ТДТ саммити якунида Самарқанд декларацияси қабул қилиш режалаштирилган.