“Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси 87 млн долларга сотилди

© Фото: Hayatt.comHyatt Regency Tashkent
Hyatt Regency Tashkent - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 10.11.2022
Oбуна бўлиш
Беш юлдузли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида фаолият бошлаганди.
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг балансда сақловчиси “Poytaxt qurilish va xizmat” МЧЖ устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини 87 млн долларга “Abu Dhabi Uzbek Investment” МЧЖ ҚКга сотиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.
Сотув жараёнида “KPMG Valuation and Consulting” МЧЖ халқаро консалтинг компанияси Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича консультанти вазифасини бажарган, акциялар пакетини мустақил баҳолаш халқаро баҳоловчи компания “PricewaterhouseCoopers” МЧЖ томонидан амалга оширилган.
Халқаро консультант ва Давактив агентлиги томонидан хусусийлаштириш жараёни доирасида ҳам маҳаллий, ҳам халқаро даражада кенг кўламли маркетинг ишлари амалга оширилгани натижасида Америка, Осиё, Европа ва Ўзбекистондаги инвесторлардан сотиб олиш бўйича қизиқиш тўғрисида 5 та ариза (Express of Interest) келиб тушган.
Якунда мажбуриятга эга бўлган таклифларни белгиланган малака мезонларига мувофиқлиги, минтақадаги иш фаолияти, битимни ёпиш шартлари ва меҳмонхонанинг баҳоланган қийматидан юқорилиги бўйича энг яхши харид қийматини тақдим этган “Abu Dhabi Uzbek Investment” МЧЖ ҚК халқаро тендер натижалари бўйича ғолиб деб топилган.
“Abu Dhabi Uzbek Investment” МЧЖ ҚКнинг таклифи халқаро консультант томонидан ҳисобланган меҳмонхонанинг индикатив нархлар оралиғининг юқори қисмида жойлашган ҳамда меҳмонхонанинг баҳоланган қийматидан анча юқори бўлиб, битим талабгор томонидан сотиб олиш тўловига қўшимча равишда меҳмонхонани ривожлантириш учун 12 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан бирга тўловни тўлиқ бир йўла тўлаш орқали амалга оширилади.
Маълумот учун, “Abu Dhabi Uzbek Investment” (БАА-Ўзбекистон) 1 миллиард долларга тенг капиталга эга бўлган инвестиция компанияси бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳаларга сармоя киритишдир. Компания ҳозиргача Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига 100 миллион АҚШ доллардан ортиқ сармоя киритган. Ушбу инвестиция компанияси портфели 300 миллион АҚШ доллардан ортиқ лойиҳаларни ўз ичига олади, уларнинг якуний мақсади яқин йилларда 1 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни жалб этишдир. Компания Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (UFRD) ҳамда БААнинг Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (ADFD) томонидан ташкил этилган.
Беш юлдузли “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида фаолият бошлаган ва Ўзбекистондаги халқаро Hyatt брендининг биринчи меҳмонхонасига айланган. Умумий ер майдони – 3,1 га, бино ва иншоотлар қурилиш ости майдони – 60,1 минг кв. метрни ташкил этади. Меҳмонхона 8 қаватдан иборат, меҳмонлар учун 300 та хона, жумладан 248 стандарт ва 52 люкс/полулюкс хоналар мавжуд. Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартларига мувофиқ жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 кв. м. майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва SPA маркази мавжуд.
Янгиликлар лентаси
0