Архитектура-қурилиш соҳасидаги иккита институт университет сифатида қайта ташкил этилади

© Пресс-служба президента УзбекистанаТошкент архитектура-қурилиш институти
Тошкент архитектура-қурилиш институти  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.11.2022
Oбуна бўлиш
Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Технопарк, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида эса Инкубация маркази ташкил этилади.
ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Тошкент ва Самарқандда жойлашган архитектура-қурилиш соҳасидаги иккита институт университет сифатида қайта ташкил этилади. Бу президент 8 ноябрь куни имзолаган 416-сонли қарорда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, Тошкент архитектура-қурилиш институти университет сифатида қайта ташкил этилади. У муҳандислик, архитектура, қурилиш ҳамда қурилиш материаллари технологиялари йўналишларига ихтисослаштирилади.
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ҳам университет сифатида қайта ташкил этилиб, маданий мерос объектларини тиклаш, дизайн, архитектура, қурилиш, урбанизация ва муҳандислик йўналишларига ихтисослаштирилади.
Университетларда ўқув жараёнлари ўзбек, инглиз ва бошқа хорижий тилларда кредит-модуль тизими асосида олиб борилади.
У ерда илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлашни амалга оширишга йўналтирилган Олий илм-фан мактаби ташкил этилади.
2023 йилдан университетларда қуйидаги ишлар амалга оширилади:
1 январдан бошлаб университетларга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилади;
Университетлар тузилмасида Стратегик ривожлантириш бўйича биринчи проректор лавозими жорий этилади;
1 мартга қадар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини халқаро таълим ва касб классификаторларига мувофиқ мақбуллаштирилади;
Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузурида Технопарк очилади;
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети ҳузурида Инкубация маркази ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ҳамда Самарқанддаги архитектура институтларининг ўқув дастурлари ислоҳ қилиниб, таълим сифати халқаро даражага олиб чиқилиши маълум қилинганди. Бу бўйича президент мутасаддиларга ҳар бир кафедрага ишлаб чиқарувчи корхоналарни бириктириш, институтлар ҳузурида технопарк ва инкубация маркази ташкил этиш бўйича кўрсатма берган.
Университетлар ҳузуридаги академик лицейларни ҳам такомиллаштириш ва A-level даражасидаги ўқув дастури ҳамда методикасини жорий этиш ҳам режалаштирилган.
Янгиликлар лентаси
0