Келаси йилдан танланган мактабларда Финляндия таълим тизими жорий қилинади

© Sputnik / Рамиз БахтияровНа уроке русского языка в одной из школ Узбекистана
На уроке русского языка в одной из школ Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.11.2022
Oбуна бўлиш
Тажриба-синовда иштирок этадиган мактаблар ва уларнинг ўқитувчилари билан кейинги 2 ой давомида алоҳида дастур асосида ишлар олиб борилади.
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. 2023 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидан танлаб олинган мактабларнинг 1-4 синфларида Финляндия таълим тажрибаси жорий қилинади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти администрацияси ҳузурида тузилган Ишчи гуруҳ фаолияти доирасида ҳозирда Финляндия тажрибасини мамлакатга кенг жорий этиш, шу билан бирга ижтимоий ва миллий компонент фанларида ўзбек халқи қадриятлари ва анъаналарига хос бўлган дастур ва дарсликларни жорий қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Лайло Рустамова айни вақтда Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 134-умумтаълим мактабида Финляндия таълим тизимини жорий этиш бўйича тажриба-синов жараёнлари бошланганини маълум қилди. Мактабнинг бошланғич синф ўқув дарслари ушбу таълим тизимига босқичма-босқич мослаштирилмоқда.
“Ишларнинг мантиқий давоми сифатида talim2023 алоқа каналларига келиб тушган 6 минга яқин ўқитувчи мурожаатлари таҳлил қилиниб, энг кўп аризалар жўнатган, республиканинг 14 та ҳудудидаги мактаблар танлаб олинди. Ушбу мактабларда 2023 йил январь ойидан 1-4 синфларда Финляндия масъул идоралари томонидан сифат белгиси билан қайд этилган замонавий дарсликларнинг апробацияси ўтказилади ва унда 4 минг нафардан ортиқ ўқувчи иштирок этиши кутилмоқда”, - дейди Рустамова.
Бундан ташқари, ушбу 6 мингга яқин ўқитувчилар учун ҳам ҳудудлардаги малака ошириш марказларида ҳамда апробация ўтадиган майдончаларда алоҳида ўқувлар ташкил этиб борилади. Тажриба-синовда иштирок этадиган мактаблар ва уларнинг ўқитувчилари билан кейинги 2 ой давомида алоҳида дастур асосида ишлар олиб борилади. Мазкур ишларнинг биринчи босқичи сифатида 139 та бошланғич синф ўқитувчилари учун Тошкент шаҳрида 4-9 ноябрь кунлари махсус малака ошириш курслари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия маориф вазири Сергей Кравцов Ўзбекистонда Россиянинг “Физика ва математика йўналиши бўйича “Ақл кучи” лойиҳаси амалга оширилаётганини маълум қилган эди.
Қайд этиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги таълим муассасаларида рус тилини тарғиб қилиш ва ўрганиш бўйича ҳам қатор лойиҳалар амалга оширилди.
Хусусан, 2020 йил октябрь ойида Россия Таълим вазирлиги, Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва россиялик ишбилармон Алишер Усмоновнинг “Санъат, фан, спорт” хайрия фонди билан ҳамкорликда Ўзбекистонда рус тилини билиш даражасини ошириш мақсадида “Класс!” ("Зўр!")лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланган. Лойиҳа 10 йилга мўлжалланган.
А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети (РДПУ) Ўзбекистон мактабларининг миллий синфлари учун рус тили дарсликларини ҳам тайёрлаб берган.
Янгиликлар лентаси
0