Иссиқхоналарга газдан қарздорлик учун 6 ой пеня ҳисобланмайди

© Sputnik / Рамиз БахтияровНациональная валюта Узбекистана — сум
Национальная валюта Узбекистана — сум - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.11.2022
Oбуна бўлиш
Иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари 14 йил этиб белгиланади ва имтиёзли давр узайтирилади
ТОШКЕНТ, 3 ноя — Sputnik. Иссиқхона хўжаликларига ажратилган кредитларда имтиёзли давр 5 йилга узайтирилади. Уларга газдан қардорлик учун 2023 йил 1 апрелгача – 6 ой давомида пеня ҳисобланмайдиган бўлди. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 2 ноябрь куни имзолаган “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Қарорга кўра, иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналарнинг иқтисодий жиҳатдан самарали ишлаши учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.
Иссиқхона хўжаликлари ва музлаткичли омборхоналар учун ажратилган миллий ва хорижий валютадаги кредитларни қайтариш муддатлари умумий ҳисобда 14 йил этиб белгиланади ва имтиёзли давр 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади.
Иссиқхона хўжаликларини айланма маблағ билан таъминлаш учун банклар томонидан 1 йил муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратилади.
Бунда мазкур кредитлар Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ажратилган бюджет ссудаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Иссиқхона хўжаликларида экспортбоп маҳсулот етиштиришга талаб этиладиган айланма маблағлар учун хорижий валютадаги банк кредитлари Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан йиллик 4 фоиз ставкада (шундан, банк маржаси 2 фоиз) ажратилади.
Ажратилган кредитларни қайтариш муддатлари иссиқхоналарда ҳосилни йиғиб олиш ва сотиш муддатларига мослаштирилади.
Иссиқхона хўжаликларига табиий газ бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун пеня суммаси 2022 йил 1 октябрдан 2023 йил 1 апрелгача, истисно тариқасида, ҳисобланмайди.
Иссиқхона хўжаликлари учун тижорат банкларига кредит ва уларнинг фоизини қайтариш муддати қатъий равишда маҳсулотнинг пишиб-етилиши даврига мослаштирилади.
Янгиликлар лентаси
0