Дўст бўлган бўри ва қўзичоқ, россияликларнинг ўзбек циркига қизиқиши: Цирк санъати ҳақида
© Sputnik / Рамиз БахтияровМолодежный фестиваль циркового искусства в Ташкенте
© Sputnik / Рамиз Бахтияров
Oбуна бўлиш
Ҳозир Ўзбекистонда циркни катта реконструкция қилиниши кутиляпти. Ўзбек циркига россиялик мутахассисларнинг қизиқиши ҳам йўқ эмас.
ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. Циркда ёввойи ҳайвонлар қўлга ўргатилади. Одамлар орасида фақатгина бўри қўлга ўргатилмайди, деган гаплар юради. Бироқ Ўзбекистон давлат цирки мутахассиси бўрини қўзичоқ билан бирга боқди ва аренага олиб чиқди.
Бир-биридан ажралмас дўстлар
Цирк артисти Акмал Абдуллаев 25 йилдан буён шу соҳада бўлса, 12 йилдан буён ҳайвон ўргатувчилик (дрессировка) билан шуғулланади.
© Акмал Абдуллаев шахсий архивиданАкмал Абдуллаевнинг бўри билан чиқишлари
Акмал Абдуллаевнинг бўри билан чиқишлари
© Акмал Абдуллаев шахсий архивидан
“Мен 12 йил аввал янги туғилган бўри ва қўзичоқ боласини олиб биргаликда боқишни бошладим, уларни ҳеч қачон бир-биридан ажратмадим. Ҳайвонлар катта бўлгач, аренада бирга “Шапито” томошасини тайёрладик. Томошабинлар катта қизиқиш билан кутиб олишди. Бу ҳайвонлар ҳозир бир-биридан ажралмайди, йўқолиб қолса излашади”, - деди Акмал Абдуллаев Sputnik мухбири билан суҳбатда.
Мутахассис кўчма цирк орқали вилоятларга ҳам сафарларда иштирок этади. Ёввойи ҳайвонлар билан трюклар бажараётганда уларнинг жисмоний кучи ва қувватини ҳисобга олади.
© Акмал Абдуллаев шахсий архивиданАкмал Абдуллаевнинг бўри билан чиқишлари
Акмал Абдуллаевнинг бўри билан чиқишлари
© Акмал Абдуллаев шахсий архивидан
Цирк санъати – спортнинг олий тури
Цирк қошидаги студия бош администратори Мирҳосил Тўрабековнинг сўзларига кўра, цирк санъатини спортнинг олий тури деса бўлади. Чунки кўпчилик спортчилар цирк артистларини ижросини амалга оширолмайди.
"Циркдаги ҳаво гимнастикаси, ёввойи ҳайвонларни ўргатиш (дрессировка) каби вазифаларни фақат цирк мутахассислари бажара олишади. Цирк артисти ҳар аренага чиққанида катта бир кучни тўплаб ва ҳаётини таваккалга қўйиб ҳаракат қилаётганини англаш қийин эмас”, - дейди у.
2020 йилда Кинематография агентлиги ўзбек цирк санъатининг 105 йиллиги муносабати билан 2 қисмдан иборат“ Гумбаз остидаги мўъжизалар” (“Чудеса под куполом”) ҳужжатли фильмини суратга олган.
“Шуҳрат” медали соҳиби, тажрибали цирк артисти Рустам Хамедовнинг таъкидлашича, ҳозирда циркни катта реконструкция қилиниши кутиляпти ва 2023 йилда халқаро доирада йирик фестивални ўтказиш режалаштирилган.
“Ўзбек циркига россиялик мутахассислар катта қизиқиш билдиришади. Россия халқ артисти Эдгар Запаший билан мулоқотда бўлиб турамиз, халқаро тадбирларда кўришамиз. Айниқса унга ўзбек характери жуда ёқади”, - дейди Рустам Хамедов.
“Янги йил эртаги”
Рустам Хамедов янги йил байрами учун тайёрланаётган шоу ҳақида ҳам маълумот берди.
“Биз асосан болалар учун томоша қўямиз, ҳозирда янги йил байрами учун “Янги йил эртаги” шоу томошасини тайёрламоқдамиз, бу йили ҳайвонлар иштироки кўпроқ бўлади. Болажонларни хурсанд қилиш учун айиқ, итлар, кабутарларнинг қизиқарли ўйинлари кўрсатилади. Танлаган эртагимиз ҳам жуда қизиқарли, унда махсус эффектлар ёрдамида бойитилган”, - деди Хамедов.
Ўзбекистон давлат циркида “Янги йил эртаги” шоуси болалар мактабдан қишки таътилга чиқиши билан, яъни декабрь ойининг охирларида бошланади ва 10-январгача сеанслар давом этади. Баъзида яна талаб бўлса қўшимча сеанслар ҳам бўлиши мумкин.
Циркда 200 га яқин артистлар фаолият юритади, улар ичида ҳайвон ўргатувчилар, масхарабозлар, жонглёрлар, акробатчилар, трюк усталари мавжуд. Жамоага Карим Зарипов номидаги республика эстрада ва цирк коллежини тамомлаган талабалар келишади. Спорт билан шуғулланган акробатчилар ва ҳаваскорлар ҳам келиб тажриба ўрганиб, ишлашлари мумкин.