Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра тўлови билан боғлиқ фирибгарликлардан огоҳлантирди

© Дин ишлари қўмитасиУмра 2017 баҳор мавсуми
Умра 2017 баҳор мавсуми - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.10.2022
Oбуна бўлиш
Умра тўлови фақатгина банк орқали амалга оширилади - Ўзбекистон мусулмонлари идораси.
ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра тўлови билан боғлиқ фирибгарликлардан огоҳлантирди.
​Айтилишича, шу кунларда ижтимоий тармоқларда умра тўлови билан боғлиқ айрим фуқароларнинг фирибгарликлари акс этган чиқишлар турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Умра сафари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида махсус ҳисобварақлар очилган банкнинг барча ҳудудий филиалларида амалга оширилади.
“Ҳаж ва Умра сафарлари тўловлари фақат банк орқали амалга оширилади. Ҳеч бир фуқаро ёки мансабдор шахс муборак сафарларга оид маблағларни қабул қилиш ваколатига эга эмас”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, айрим шахслар умра амалини ният қилганларнинг пулларини алдов йўли билан олиб, ўзининг шахсий мақсадлари йўлида ўзлаштириб юборгани аччиқ ҳақиқат ва бундан барча огоҳ бўлиши лозим.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган зиёратчиларнинг тайёр рўйхати асосида умра ибодатини амалга оширади.
Зиёратчиларга виза олиш, уларни кузатиш ва кутиб олиш, Саудия Арабистонида ибодат ва зиёратларини ташкил этиш каби вазифалар билан шуғулланади. Бунгача бўлган жараёнлар, яъни умра навбатини юритиш ва фуқаролардан тўловларни қабул қилиш Диний идора ваколатига кирмайди.
“Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бирор чиқиш қилишдан олдин мавзуни яхшилаб ўрганишни, Ўзбекистон мусулмонлари идораси номини унинг ваколатига кирмайдиган ишлар билан боғлаб тармоқларда тарқатиб, ташкилот шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказадиган ахборот тарқатишдан эҳтиёт бўлишни сўраймиз”, дея қўшимча қилинган хабарда.
Маълумот учун, умра зиёратчилари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тўғридан-тўғри рейслар ҳар куни Саудия Арабистонига амалга оширилмоқда. Йил якунига қадар кузги мавсум доирасида 30 минг нафарга яқин фуқаро муборак ибодатни амалга ошириши режалаштирилган.
Янгиликлар лентаси
0