Шавкат Мирзиёев ИИО инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантирилаётганини маълум қилди
© Пресс-служба президента Узбекистана Шавкат Мирзиёев провел совещание по ожидаемым результатам в аграрной сфере по итогам года и задачам на следующий год.
Oбуна бўлиш
Президент ички ишлар тизими ходимларига йўллаган табригида ички ишлар органлари фаолиятини либераллаштириш, инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев ички ишлар тизими ходимлари ва фахрийларини 25 октябрь куни нишонланаётган касб байрами билан табриклади.
“Ҳеч шубҳасиз, халқимиз сизларни ўз ҳаётини эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек олижаноб ишга бағишлаган, муқаддас қасамёдига содиқ инсонлар деб билади ва машаққатли хизматингизни муносиб эътироф этади”, - дея таъкидлаган давлат раҳбари.
Президент бугунги кунда дунёда ҳукм сураётган мураккаб ва таҳликали шароитда мамлакат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш қанчалик муҳим вазифа эканини барча яхши англашини қайд этган. Шу боис, кейинги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилишга устувор эътибор қаратилмоқда.
Мирзиёев ИИВ тизимидаги ислоҳотларга тўхталиб, ички ишлар органларининг кундалик фаолиятини инновацион ёндашувлар, рақамли технологиялар ва илм-фан ютуқларига таянган ҳолда ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти, қадр-қиммати ва мол-мулкини кибермаконда ишончли ҳимоя қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида самарали методикалар ишлаб чиқилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўтган йилдан бошлаб жиноят ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича барча ариза ва хабарларни автоматлаштирилган тарзда қайд этувчи “102” тизими жорий қилинди. Вилоят марказлари ва йирик туманларда 75 та ситуацион марказларнинг ташкил этилгани кўча ва жамоат жойларида вазиятни масофадан туриб кузатиш ҳамда аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган куч ва воситаларни самарали бошқариш имкониятини яратди.
“Ҳаётимизнинг барча жабҳалари қатори ички ишлар органлари фаолиятини либераллаштириш, соҳада очиқлик ва ошкоралик муҳитини кучайтириш, инсонпарвар ва халқчил тизимга айлантириш мақсадида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, - деди президент.
Соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали фуқаронинг шахсини аниқлаш учун уни ички ишлар органларига олиб келиш амалиётидан воз кечиб, электрон қурилма ёрдамида аниқлаш тизимини жорий этиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, ўтган йили қабул қилинган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси”нинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида соҳа ходимларида ватанпарварлик руҳини кучайтириш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш, муомала маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилган тизимли чора-тадбирлар аҳоли билан ишлаш амалиётига ижобий таъсир кўрсатди.
“Бугунги кунда мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, кейинги йилларда орттирган тажрибамиздан, илғор хорижий ютуқлардан фойдаланган ҳолда, соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш энг муҳим вазифалардан биридир. Бу борада мамлакатимизда “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган қоидани ҳаётга татбиқ этишда аввало халққа энг яқин касб эгалари сифатида ички ишлар ходимларининг ўзлари барчага ўрнак ва намуна бўлишлари зарур, деб ўйлайман”, - дея таъкидлаган президент.
Давлат раҳбари ўз табригида ички ишлар тизимидаги ислоҳотларнинг амалий натижасини соҳанинг ҳар бир ходими, биринчи навбатда, халқ ўзининг кундалик ҳаётида сезиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилишини урғулаган.