Қашқадарё қандай ривожлантирилади
© Пресс-служба президента УзбекистанаВидеоселекторное совещание по вопросам социально-экономического развития Кашкадарьинской области
© Пресс-служба президента Узбекистана
Oбуна бўлиш
Вилоятда келаси йили 3,4 миллиард долларлик 769 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, бунинг натижасида 13 мингтадан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.
ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг маълум қилишича, 2023 йилда маҳаллаларда 15 та "Обод маҳалла" марказларини ташкил этиш, хизматлар соҳасида 6,5 мингта иш ўрни яратиш режалаштирилган.
5,2 минг тонна парранда гўшти, 450 тонна балиқ гўшти, 18 тонна ем ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик паррандачилик мажмуасини ишга тушириш мўлжалланмоқда. Қарши шаҳрида лойиҳа қиймати 20 миллион долларлик бизнес марказини барпо этиш кўзда тутилган.
Вилоятга 50 минг нафар хорижий ва 1 миллион нафар маҳаллий турист ташриф бурган. "Саҳродан-музликкача" туризм магистралини яратиш режалаштирилган.
2023 йилда 3,4 миллиард долларлик 769 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, бунинг натижасида 13 186 та иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ҳажмини 2,9 триллион сўмга, бюджетга тушумларни 712 миллиард сўмга, экспортни 165 миллион долларга ошириш, 110 миллион долларлик импортни ўрнини босиш кутилмоқда.
Вилоятнинг экспорт ҳажми 2022 йилда 26 фоизга ўсиб, 280 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда. 2023 йилда бу кўрсаткични 400 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
Ҳокимнинг ҳисоботини тинглаб, президент мутасаддиларга тегишли топшириқларни берди.
Жумладан:
Шаҳрисабзнинг Мираки, Сувтушар ва Сарчашма, Китобнинг Қайнар ва Башир, Қамашидаги Бештерак ва Миришкордаги Жейнов қишлоқларида туризмни ривожлантириш;
йил якунига қадар Қашқадарё вилоятида мавжуд 46 та кон захираларини хатловдан ўтказиб, аукционга чиқариш;
Муборак, Нишон, Ғузор ва Миришкор туманларида сотилмасдан турган 82 та давлат мулки нархини 50 фоизга камайтириб, савдога чиқариш;
Шаҳрисабз шаҳридаги бўш турган мулклар негизида кичик саноат зоналари ташкил этиш;
“Рубикон Вотер” технологияси асосида Қашқадарёда суғориш тизимини яхшилаш лойиҳасини кенгайтириш масаласини ишлаб чиқиш;
2023 йил 1 июлга қадар Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу йўлининг 100 километр қисмини таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиб, ишларни бошлаш;
йил якунига қадар Самарқанддан Шаҳрисабзга ўтувчи 30 километр йўлни таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиш;
Косон туманидаги индустриал зона инфратузилмаси учун 40 миллиард сўм ажратиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, мутасаддиларга Қашқадарёда ижтимоий соҳани яхшилаш мақсадида:
- 13 та боғчани қайта қуриш ҳамда 14 та маҳаллада янги боғча қуриш лойиҳасини 2023 йил инвестиция дастурига киритиш;
- йил якунига қадар 189 та оилавий боғча ташкил этишга 4,5 миллиард сўм, 2023 йилда 380 та боғча ташкил этишга 52 миллиард сўм субсидия ажратиш;
- бир ой муддатда “Она ва бола тиббиёт маркази”ни жиҳозлаш бўйича лойиҳани тайёрлаш;
- келгуси икки йилда Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари, Косон, Нишон ва Чироқчида қўшимча 550 ўринли туғруқ комплексларини ташкил этиш;
- йил якунига қадар замонавий тиббий ускуналар хариди учун 2 миллиард сўм ажратиб, 21 турдаги юқори технологик амалиётларни йўлга қўйиш;
- йил якунига қадар Китоб ва Қарши туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини ташкил этиш бўйича таклиф киритиш;
- бир ой муддатда 48 та мактабни танлаб олиб, келгуси ўқув йилидан Финляндия таълим тизимини жорий этиш топширилди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев вилоятда бешта йўналишда - тадбиркорлик, саноат, аграр, ичимлик суви таъминоти, ижтимоий соҳада эришилиши лозим бўлган мақсад ва вазифаларни белгилаб бергани хабар қилинган эди.