Самарқандда илк бор МДҲ ПА сессияси бўлиб ўтади

© Sputnik / Медиабанкка ўтишФлаги государств-участников СНГ
Флаги государств-участников СНГ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.10.2022
Oбуна бўлиш
Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси сессиясининг кун тартибига киритилган тадбирлар ҳақида материалимизда ўқинг.
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Ўзбекистонда илк бор 27-28 октябрь кунлари Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг (МДҲ ПА) сессияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов Sputnik мухбирига маълум қилди.
Самарқанда бўлиб ўтадиган тадбирларда МДҲ ПА иштирокчи давлатлари парламентлари делегациялари раҳбарлари ва аъзолари, шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари, олим ва экспертлар иштирок этади.
25 октябрь куни ўтказиладиган тадбирлар
Сессиянинг асосий тадбирлари арафасида МДҲ иштирокчи давлатлари Парламентлараро Ассамблеяси ва Алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлик Экспертлар кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.
27 октябрь куни ўтказиладиган тадбирлар
Ассамблеянинг маданият, ахборот, туризм ва спорт бўйича, аграр сиёсат, табиий ресурслар ва экология бўйича ҳамда сиёсий масалалар ва халқаро ҳамкорлик бўйича доимий комиссияларининг мажлислари ўтказилади.
Шу куннинг ўзида Ҳамдўстлик мамлакатлари парламентларининг ёш аъзолари МДҲ иштирокчи давлатлари Ёшлар парламентлараро ассамблеяси мажлисига йиғилади.
Шунингдек, МДҲ ПА Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтади.
Унда:
Парламент делегациялари раҳбарлари ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилади;
2022 йилда ўтказилган тадбирлар якунларини сарҳисоб қилади;
МДҲ маконидаги сайлов кампаниялари мониторинги тўғрисидаги ахборотни эшитади.
28 октябрь куни ўтказиладиган тадбирлар
Шу куни МДҲ ПАнинг 54-ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Парламент аъзолари сайлов мавзусидаги кўплаб намунавий қонунларни кўриб чиқиши режалаштирилган. Шунингдек, депутатлар ва сенаторларга бир қатор бошқа қонун лойиҳалари ҳам тақдим этилади, улардан кейинчалик Ҳамдўстлик мамлакатларининг миллий қонунчилигида фойдаланиш мумкин.
"МДҲ ПA фаолиятининг 30 йили давомида 600 дан ортиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, МДҲ мамлакатлари парламентларига тақдим этилган. МДҲ ПA кузатувчилари 150 дан ортиқ сайлов ва референдумларнинг мониторингини олиб борган", дейди Ҳожиакбар Тўлаганов.
Маълумот учун, Aссамблея иштирокчи давлатлар – Озарбайжон, Aрманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон парламент делегацияларидан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Остона шаҳрида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида МДҲга иштирокчи давлатлари Сайлов органлари раҳбарларининг маслаҳат кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битим имзоланганди. Маслаҳат Кенгаши МДҲга иштирокчи давлатларининг қонунчилиги ва халқаро мажбуриятлари доирасида сайлов ва референдум ўтказиш тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, уларда сайлов жараёнини такомиллаштиришга кўмаклашиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0