Ўзбекистон ва Россиянинг бир-бирига таклиф қиладиган нарсалари кўп – Мантуров

© Sputnik / Владимир Федоренко / Медиабанкка ўтишПленарное заседание Госдумы РФ
Пленарное заседание Госдумы РФ - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 24.10.2022
Oбуна бўлиш
Икки давлат ҳукуматлараро комиссиясининг ҳамраиси Денис Мантуров икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ва истиқболли йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.
ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Тошкентда 23 октябрь куни Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш кун тартибидан қандай мавзулар ўрин олгани ва икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик қандай ривожланиши борасида комиссия ҳамраиси, Россия саноат ва савдо вазири Денис Мантуров Sputnik агентлигига берган эксклюзив интервьюсида сўзлаб берди.
- Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилишида нималар муҳокама қилинди?
- Ҳукуматлараро комиссия сессиясининг кун тартиби кенг, у икки томонлама ҳамкорлик масалаларининг катта қисмини қамраб олади: савдо-иқтисодий ва саноат ҳамкорлиги, энергетика, транспорт, молия ва банк сектори, маданият, таълим ва туризм.
Мамлакатларимиз ўртасидаги шерикчилик жадал ривожланмоқда, шу боис муҳокама қилишимиз керак бўлган мавзулар талайгина. Бу ижобий суръатни Россия-Ўзбекистон савдо-сотиқ статистикаси ҳам акс эттирмоқда: бизнинг божхона органларимиз маълумотларига кўра, жорий йилнинг саккиз ойи якунига кўра Россия-Ўзбекистон савдоси ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 37 фоизга 5,3 миллиард долларгача ошган.
- Ўзбекистон билан ҳамкорлик ўтган йилги ҳукуматлараро комиссиянинг 22-йиғилишидан буён санкциялар, импорт ўрнини босиш ва ҳоказолар нуқтаи назаридан қандай ўзгарди? Агар икки мамлакатнинг қўшма ташаббуслари ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳозир қандай лойиҳалар энг истиқболли?
- Сир эмас, Россия бу йил мисли кўрилмаган ташқи босимга дуч келди. Бу вазиятда биз диққатимизни дўст мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратдик. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар инвестиция, инфратузилма, саноат лойиҳаларидаги коорперацияларни ривожлаштириш, муқобил логистик каналларни яратишга қаратилган. Биз бу ишни, жумладан, янги ташқи сотиш бозорларини топиш мақсадида олиб борамиз, чунки нохомашё эскпортини ривожлантириш вазифасини биз кун тартибидан олмаймиз.
Ва албатта, биз Тошкент билан стратегик шерикчиликдан манфаатдормиз – уни ҳам технология альянси, ҳам саноат ва савдо соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун жуда яхши имкониятларга эга бўлган иқтисодий майдон сифатида кўрамиз.
Компетенция, саноат салоҳияти ва бошқа омиллар нуқтаи назаридан бизнинг бир-биримизга таклиф қиладиган нарсаларимиз бор. Мамлакатларимиз иқтисодиётларининг азалдан алоқалари бор, шу боис Россия-Ўзбекистон шерикчилиги ҳамиша ҳаракат икки томонлама бўлган кўча бўлади.
Ҳукуматлараро комиссиямиз таркибида ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича 12 та кичик комиссия ишлайди. Улар ҳамраислари – Россия ва Ўзбекистон вазирликлари ва идоралари раҳбарлари – уларга бириктирилган соҳалардаги аниқ лойиҳалар устидаги ишларни мувофиқлаштиришади.
Агар саноат кооперациясининг аниқ долзарб мисоллари ҳақида гапирадиган бўлсак, жорий йилда россиялик автомобиль ишлаб чиқарувчилар “Ўзавтосаноат” корхонасидан айрим автомобиль қисмларини харид қилишни бошлашди. Фармацевтика саноати соҳасида бирданига бир нечта лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда: Россиянинг “Герофарм” ва “Фармасинтез” каби компаниялари ўз маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудида маҳаллаштиришга қизиқиш билдиришмоқда, истиқболда эса ташкил этилган ишлаб чиқариш қувватини кенгаштириш режалари бор.
Ҳукуматлараро комиссиямиз фаолиятининг бошқа соҳалардаги лойиҳалари хусусида бир-икки оғиз сўз. Энергетика соҳасида шуни таъкидлаш керакки, Россиянинг “Росатом” давлат корпорацияси “Ўзатом” билан Ўзбекистон ҳудудида атом электр станциясини қуриш масаласи юзасидан музокараларни давом эттирмоқда.
Суффа платосида Ўзбекистонда халқаро радиоастрономик обсерваториясини яратиш устида иш олиб боряпмиз. Лойиҳа Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро битими асосида амалга оширилмоқда ва мамлакатларимизнинг илмий бирлашмалар соҳасидаги ҳамкорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
- “Агроэкспресс” лойиҳаси қандай ривожланади, қайси янги иштирокчилар билан музокаралар олиб борилмоқда?
- Ўзбекистон “Агроэкспресс” пилот лойиҳасини амалга ошириш учун биринчи мамлакат бўлди. Маълумки, бу лойиҳа тезлаштирилган контейнер поездлари ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотларини ЕОИИга аъзо мамлакатлардан Ўзбекистонга, ва у ердан ЕОИИга мамлакатларига етказиб беришдаги логистикани соддалаштириш ва арзонлаштиришни назарда тутади. Сервис йўналишлар рўйхати кенгайтирилиши ва рефрижератор контейнерлар ва флекситанклардан фойдаланиш ҳисобига доимо такомиллашиб бормоқда.
Шерикчилик муносабатларимиз сабабли биз бу лойиҳани айнан Ўзбекистон Республикаси билан бошладик, биринчи товарларни ташиш 2021 йил охирида амалга оширилди. Бу йил мобайнида аллақачон 200 минг тонна товар ташилди. Булар асосан ўсимлик ёғи, маргарин ва қайлалар, ичимлик, шоколад маҳсулотлари, сут маҳсулотлари, дуккакли экинлар (ловия, нўхат ва ҳ.), гўшт. 2030 йилга келиб лойиҳа доирасида йиллик етказиб беришни 1 миллион тоннага етказишни мўлжаллаяпмиз.
- Ўзбекистон саноат ва инновациянинг турли йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган кластерлар тизимини ривожлантирмоқда. Бу кластерлардан қайси бири Россия учун кўпроқ қизиқ?
- Аввало “Чирчиқ” кимё-индустриал паркини қайд этиш жоиз, у жорий йилнинг март ойида очилди. Бу йирик Россия-Ўзбекистон коорперация лойиҳаси, бу ташаббусни 2018 йилдан буён ишлаб чиқардик. Инфратузилманини яратишга аллақачон 18 миллион доллар сармоя киритилган, кейин бу сумма яна кўпайтирилади – 33 миллион долларгача.
Лойиҳадан кўзланган мақсад Россия компетенцияларини хорижга экспорт қилиш – гап аввало бизнинг саноат корхоналари ва саноат зоналарини бошқариш соҳасидаги тажрибамиз ҳақида бормоқда. Россия томонидан “Чирчиқ” лойиҳасининг ҳамкори Қозондаги “Химград” технополиси бўлгани тасодиф эмас – унинг тажрибаси лойиҳа асоси бўлган.
Шубҳасиз, лойиҳа доирасида биз хорижда замонавий Россия ишлаб чиқаришларини маҳаллийлаштириш вазифасини ҳам ҳал қиламиз - янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирини яратиш ҳамда маҳсулотларни учинчи мамлакатларга экспорт қилиш.
Бугунги кунда 12 та корхона аллақачон технопарк резиденти мақомини олган. Бу турли кимё маҳсулотлари, жумладан, полимер, полипропилен, экинларни ҳимоя қилиш воситалари, саломатлик ва гўзаллик соҳасидаги товарлар ва ҳоказоларни ишлаб чиқарувчилар. Бу корхоналарнинг умумий инвестиция ҳажми 30 миллион долларни ташкил этишини режалаштиряпмиз. Албатта, бу рақам янги резидентлар келиши билан ўсиб боради.
Шунингдек, биз енгил саноат кластерини яратиш устида иш олиб боряпмиз. Хусусан, 2017 йилда Россиянинг “Галтекс” компаниялар гуруҳи Ўзбекистонда “Mironov and Bubnov Invest” йигирилган пахта ипини ишлаб чиқариш корхонасини маҳаллийлаштирди. Корхона ўз фаолиятини янада ривожлантирмоқчи – унинг доирасида маҳаллий фермерлардан кейин йигирилган ип ёки мато ишлаб чиқариш учун пахта хом ашёси харид қилинадиган ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш.
Янгиликлар лентаси
0