Ҳокимлар кадастр ишига аралашиши тақиқланади - янги қарор

© Spuntik / Дмитрий АстаховПапка с документами
Папка с документами - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.10.2022
Oбуна бўлиш
Янги қонунчиликка биноан, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиалларининг фаолиятига ҳокимлар томонидан аралашиш ёки таъсир ўтказиш қатъий тақиқланади.
ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбекистонда 2023 йилдан ҳокимларнинг кадастр органлари ишига аралашиши тақиқланади. Бу ҳақида президентнинг 405-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 январдан Кадастр агентлигининг ҳудудий тузилмалари фаолиятини ташкил этиш билан агентлик ўзи шуғулланади.
Ҳудудий бошқарма ва бўлимлар фаолиятини молиялаштириш республика бюджетидан амалга оширилади.
Ҳудудий бўлимлар, Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) филиалларининг фаолиятига ҳокимлар томонидан аралашиш ёки таъсир ўтказиш қатъий тақиқланади.
Шунингдек,2023 йил 1 июлгача Кадастр агентлиги органларига тааллуқли маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни “E-ma’muriy ish” тизими орқали электрон кўриб чиқиш имкони яратилади.
Қарор билан қуйидагилар ташкил этилди:
Кадастр агентлиги марказий аппаратида – Фазовий маълумотлар миллий инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси;
Кадастр агентлигининг ҳудудий бошқармаларида – чегара масалалари бўйича бош мутахассис лавозими;
Тошкент геодезия ва картография коллежида – Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази;
“Геоинновация маркази” ДУК тузилмасида – қиёслаш ва калибрлаш лабораторияси, докторантура фаолияти, Фазовий маълумотлар соҳасида стандартлаш бошқармаси ҳамда Илмий тадқиқот фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими.
Янги ўзлаштирилган ерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хулосасига мувофиқ вилоят ҳокимлари қарорига асосан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасига киритилади.
Шунингдек қарор билан 2023–2026 йилларда Кадастр агентлиги фаолиятининг асосий прогноз кўрсаткичлари ва унинг моддий-техника базасини такомиллаштириш дастури тасдиқланди. Унга кўра агентлик 25 169 гектар ер участкаларини ўлчаб уларнинг электрон хариталарини яратади.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ер кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш бўйича очиқ электрон танлов якунларини тасдиқлаш ваколати чиқариб ташланди.
Энди ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатига олингани тўғрисида Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан электрон кўчирма берилади (илгари гувоҳнома).
Шунингдек, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органлари ер эгасини ёки ердан фойдаланувчини олдиндан хабардор қилгандан кейин ер участкасига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш ҳақида судга даъво аризаси киритиши белгиланди.
Янгиликлар лентаси
0