ССВ ёшларнинг хавфли хасталикларга чалинаётганининг сабабларини айтди

© Fotolia / TashatuvangoМедицинские инструменты на брошюре со словом "инфаркт"
Медицинские инструменты на брошюре со словом инфаркт - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 16.10.2022
Oбуна бўлиш
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёш, жисмонан бақувват кишиларнинг ҳам инфаркт, инсульт каби хавфли хасталикларга чалинаётганининг бир қанча омилларини маълум қилди.
ТОШКЕНТ, 16 окт - Sputnik. Сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги шифохоналарига инфаркт, инсульт, томирларда тромблар ҳосил бўлиши каби хавфли хасталиклар билан мурожаат қилаётган ёки оғир аҳволда олиб келинаётган фуқаролар орасида ёш, жисмонан бақувват, тоғни урса талқон қиладиган қадди-қоматга эга беморлар ҳам учрамоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматига кўра, ушбу беморлар тана мушаклари массаси ва қувватини ошириш мақсадида бодибилдинг, культуризм, фитнес каби спорт турлари билан шуғулланиш давомида кукун, таблетка ҳамда инъекция шаклидаги турли биологик фаол, хусусан, протеинли қўшимчалардан мунтазам фойдаланиб келган.
Ҳатто улар орасида ҳафтасига бир-икки маротаба турли кўринишдаги препаратларни тизимли равишда қўллаганлар ҳам учраб турган. Оқибатда қондаги гемоглобин, эритроцит, тромбоцитлар миқдори ўзгариб, қон қуюқлашиши юзага келган. Сўнгра томирларда тромблар ҳосил бўлиши ҳисобига юқоридаги сингари хавфли асоратлар пайдо бўлган.
Таҳлилларга кўра, фойдаланилаётган бу сингари стероид препаратлар ва анаболик комплексларнинг аксарияти тегишли давлат рўйхатидан ўтмаган ва тиббиёт ходимлари назоратисиз қабул қилинган.
“Ёшларимиз спорт билан шуғулланаётгани, албатта, қувонарли ҳолат. Аммо уни соғлик учун зиён етказадиган машғулотга айлантириб қўймаслигимиз керак. Афсуски, бугун айрим ёшларимиз билак ва мушакларим яна ҳам бақувват, қоматим келишган бўлсин, деб, мутахассислар билан маслаҳатлашмай, палапартиш, назоратсиз турли зарарли воситалар, оқсил ва гормонларни қабул қилаётгани жуда ачинарли. Бу соғлом турмуш тарзига мутлақо тўғри келмайди. Шундай экан, ёшлар, ота-оналар ва жамият фаоллари, соғлом турмуш тарғиботчилари, тиббиёт ходимларини бу борада янада ҳушёр ва эътиборли бўлишга чақирамиз”, - дейди Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев.
Вазирга кўра, бақувват билак ва мушаклар, чиройли қомат учун соғлом ва ўктам йигитларнинг ўз ҳаётини хавф остида қолдиришига ҳеч ким бефарқ бўлмаслиги шарт.
“Ўз навбатида, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари, айниқса, тиббиётнинг бирламчи бўғини ходимлари, оилавий шифокор ва ҳамшираларнинг тарғибот ва профилактика дастурларидан ана шу масалалар янада қатъий ўрин олиши чораларини кўрамиз. Қолаверса, тегишли давлат рўйхатидан ўтмай реализация қилинаётган юқоридаги сингари препаратлар савдоси тегишли давлат органлари томонидан қатъий назорат остига олиниши ва даволаш стандартида кўзда тутилмаган дори-дармонларнинг ишлатилишига чек қўйиш зарур, деб ҳисоблайман”, - дейди Беҳзод Мусаев.
Янгиликлар лентаси
0