Ён шажара бўйича қариндошлар ўртасидаги никоҳ тақиқланиши мумкин

© PixabayСвадебная пара
Свадебная пара - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.10.2022
Oбуна бўлиш
Ота-онанинг ака-ука ва опа-сингилларининг фарзандлари ва бошқа айримлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади.
ТОШКЕНТ, 4 окт — Sputnik. Ўзбекистонда ён шажара бўйича қариндошлар ўртасидаги никоҳни тақиқлаш таклиф қилинмоқда. Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси Оила кодексига тегишли ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйган.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.
Ҳозир Оила кодекси насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳни тақиқлайди.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органлари маълумотларига кўра, 2021 йил июль-декабрь ойларида республика бўйича жами 1210 та яқин қариндошлар (529 та — холавачча, 307 та — тоғавачча, 178 та — амакивачча, 196 та — аммавачча) ўртасида никоҳ ҳолатлари қайд қилинган. Ҳудудлар кесимида қариндошлар ўртасида тузилган никоҳларнинг ярмидан кўпроғи 59 фоизи иккита вилоят: Сурхондарё (343 та) ва Қашқадарё (371 та) вилоятларига тўғри келади.
Таъкидланишича, бундай оилаларда туғилаётган болалар орасида ногирон, жумладан, 1 ёшгача туғма аномалиялар, деформация ва хромосом бузилишларга учраган болалар улуши ортмоқда.
Жумладан, 1 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар сони 2018 йилдаги 2592 нафардан 2020 йилда 3374 нафарга ёки 30,1 фоизга, 1 ёшгача туғма аномалиялар (ривожланиш нуқсонлари), деформация ва хромосом бузилишлар сони 2018 йилдаги 1093 тадан 2020 йилда 1292 тага ёки 18,2 фоизга кўпайган.

Оила кодексида қариндошлик ҳақида нималар дейилган

Бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.
Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.
Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.
Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади.
Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса, авлодлар томон — улардан бошқасига қараб олиб борилади.
Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг — учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса — тўртинчи даражасида турадилар (57-модда).
Ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкин. Ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади. Ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланади (58-модда).
Эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмайди.
Янгиликлар лентаси
0