Биринчи октябрдан нималар ўзгарди?
© pexels.com/Anete LusinaЗаметки в календаре
© pexels.com/Anete Lusina
Oбуна бўлиш
1 октябрдан ўқув курслари учун таълим кредити берилади, касаначиларга ажратиладиган субсидия миқдори оширилади, айрим соҳаларда давлат космик мониторинги йўлга қўйилади – батафсил мақолада.
ТОШКЕНТ, 2 окт — Sputnik. Адлия вазирлиги биринчи октябрдан Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Касаначиларга ажратиладиган субсидия миқдори оширилади
2022 йил 1 октябрдан:
касаначига ажратиладиган субсидия миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн сўмдан 4,5 млн сўмгача) оширилади;
олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда камида 20 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни касаначилик асосида иш билан таъминлаган тадбиркорлар ўртасида ҳар йили бир марта ҳар бирининг қиймати 50 миллион сўм бўлган лойиҳалар танлови ўтказилади;
“Аёллар дафтари”даги камида 5 та ишсиз хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидаги бино ва иншоотларни ижарага олишда ижара ҳақи 50 фоиз миқдорда ундирилади.
Болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича танлов эълон қилинади
Болалар учун мўлжалланган теле- ва радиомаҳсулотларни ишлаб чиқариш ва эфирга узатиш бўйича ҳар йили энг яхши 30 та лойиҳа учун ҳар бири БҲМнинг 300 бараваригача (90 млн сўмгача) бўлган танлов эълон қилинади.
Дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишга 1 миллиард сўмгача грант ажратилади
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида IT-таълим хизматларини кўрсатиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда экспортга йўналтириш бўйича стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказиладиган танлов асосида 1 миллиард сўмгача грантлар ажратиш тартиби жорий қилинади.
Айрим соҳаларда давлат космик мониторинги йўлга қўйилади
Қонунчиликка кўра, қуйидаги 7 та ижтимоий-иқтисодий соҳада босқичма-босқич мажбурий тартибда сунъий йўлдош аппаратлари орқали давлат космик мониторингини амалга ошириш тизими йўлга қўйилади:
Ўрмон хўжалиги;
Қишлоқ хўжалиги;
Геология ва кон-металлургия;
Сув хўжалиги;
Транспорт ва йўл хўжалиги;
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш;
Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш.
Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорларга 7 йилга қарз берилади.
2028 йил 1 январгача Қорақалпоғистон Республикасидаги ёш тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш учун зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш мақсадида Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали 7 йил муддатга қарз маблағлари берилади.
Кўп квартирали уй-жойларнинг зилзилабардошлиги текширилади
Республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.
Хатлов натижасига кўра эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш бўйича таклифлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига киритиб борилади.
Болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар Пенсия жамғармасига электрон берилади
Ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотлар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон тақдим этиб борилади.
Шунингдек, 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинланади.
АКТ соҳасидаги ўқув курслари учун таълим кредити ажратилади
Нодавлат таълим ташкилотларининг ўқув курсларида ёшларнинг ахборот технологиялари соҳасида ўқиши учун таълим кредити ажратиш тизими йўлга қўйилади.
Бунда таълим кредитлари:
Марказий банкнинг асосий ставкасида (15%);
БҲМнинг 65 бараваригача 1 йиллик имтиёзли давр билан 4 йил муддатга ажратилади;
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандлари учун таълим кредити олишда гаров ва кафиллик талаб этилмайди.
Мол-мулкка тақиқ қўйилганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади
“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилганлиги, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилинганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади.
“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тарбиячилари малака ошириш курсларида ўқитилади
“Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларидаги тарбиячилар ҳар йили камида бир маротаба малака ошириш курсларида ўқитилади.
“Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри” юритилади.
Давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда тенг рақобат муҳитини яратиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида:
Давлат солиқ қўмитаси солиқ хавфи юқори деб баҳоланган солиқ тўловчилар рўйхатини ўз расмий веб-сайтида жойлаштиради;
Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган солиқ тўловчилар давлат харидлари соҳасидаги ваколатли орган томонидан “Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестри”га киритилади.
Кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил қилинади
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан “Нурли маскан” мактаблари негизида кўзи ожиз болаларни мактабга тайёрловчи бир йиллик муддатли тайёрлов гуруҳлари фаолияти ташкил қилинади.
Қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади
жисмоний шахсларга Энергетика вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан республикада ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол электр станцияси ҳамда қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил мобайнида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаган ҳолда сотиб олиш имконияти яратилади;
қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларининг қийматини тўлиқ тўлаган ҳолда уларни харид қилган ва ўрнатган истеъмолчиларга харид харажатларининг бир қисми мазкур Фармоннинг 1- ва 2-иловаларига мувофиқ миқдорларда Жамғарма ҳисобидан компенсация қилинади;
истеъмолчилар томонидан қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари тўғридан-тўғри маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматларини кўрсатувчи корхоналар, маҳаллий чакана савдо объектларидан, шу жумладан электрон тижорат воситалари орқали сотиб олинганда бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади ёки якуний чакана нархдан компенсация миқдори чегириб ташланади.