Устоз улуғлиги нимада

© Sputnik / Фред ГринбергУчитель
Учитель  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 01.10.2022
Oбуна бўлиш
"Баҳо олиш иккинчи даражали эди. Муҳими, билим олиш, мунозара жараёнида уялиб қолмаслик асосий вазифамиз бўлган."
ТОШКЕНТ, 1 окт - Sputnik. Ўқитувчилик – Аллоҳнинг инояти билан берилган учта касблардан бири экан. Устоз деган шарафга муяссар бўлганлар агар ҳақиқий устоз бўлса ҳақиқатда икки дунё саодатига мушарраф бўладиган инсонлардир.
Ҳаётимни таҳлил қилиб, ортга назар солиб, хулосага келдимки, мен ҳақиқий устозларни кўрган шогирд эканман.
Мен ўқиган мактабда Умирзоқ Абдуназаров деган математика ўқитувчимиз бор эди (Аллоҳ раҳмат қилсин!). У киши кўчада учрашиб қолсак ҳам, дўппингни ол, деб қўлга олдирарди ва энди унинг каштасининг юзасини топ, дер эди. Бу дарсликларда йўқ нарса, лекин ҳаётда бор. Биз топа олмасак, шу гулларнинг юзини ўзи топишни ўргатиб, формуласини чиқариб тўлиқ тушунтириб берарди.
Кейин биз ҳам шундай қилиб, ҳамма нарсага математика нуқтаи назаридан ёндошар эдик. Биз мактабдан уйгача анча йўл юрардик. Шунда юрган йўлимизнинг масофасини ҳам ўлчаб формуласини чиқарардик. Шундай бўлганки, инсоннинг бутун ҳаёти математика қуршовида, деб тушунганмиз.
Шу фазилат менга ҳам ўтиб қолган экан чоғимда, ҳозир иқтисодий ҳодисалар, уларнинг ўзаро боғлиқликлари ҳақида формула ясашим, уни амалиётда қўллаб ҳисоб-китоб қилишим ҳеч ҳам қийинчилик туғдирмайди.
Ўша мактабимиздаги химия ўқитувчимиз ҳозир 100 ёшга яқинлашиб қолди, умрлари узоқ бўлсин. Ҳар биримизга бир ҳафта битта модда ролини ўйнашни топширарди. Масалан, бир ҳафта мен натрийман. Бутун натрийнинг хусусиятларини, у қаерда учрайди, қандай моддалар билан реакцияга киришади, реакция натижасида нималар ҳосил бўлади, хуллас ҳамма-ҳаммасини ўрганар эдик. Мен ўзимни (натрийман) тўлиқ ўрганиб айтиб берганимдан кейин бошқа модда ролини ўйнар эдим. Шу тариқа химияни зўр ўрганмиз.
Сўнгра ўзимизда бор нарсаларнинг таркибини ўргатар эди. Бутун борлиқни химия, деб тушунтирган. Тупроқ, сув, ҳаво – ҳаммасининг формуласини ёзиб кўрсатарди.
Мен ўқиган мактаб ҳозирги тил билан айтганда, узоқ чекка қишлоқда жойлашган. Ҳамон ўша жойда. Ўтган йил қишлоғимиздаги 14-мактаб вилоятда етакчи бўлиб, болаларнинг олий мактабга кириши бўйича биринчи ўринни эгаллабди. Республикада ҳам нуфузли ўринга сазовор бўлганини мактаб директори Н.Ўсаров фахр билан сўзлаб берди.
Бир жараён ҳамон ёдимда, биз ўқитувчиларимизни хафа қилиб қўймаслик ва мунозара жараёнида қийналиб қолмаслик учун уй вазифаларини ҳамиша тўлиқ тайёрлаб келишга ҳаракат қилардик. Баҳо олиш иккинчи даражали эди. Муҳими, билим олиш, мунозара жараёнида уялиб қолмаслик асосий вазифамиз бўлган.
Қайси мамлакатда устозлар улуғланса, ўша мамлакатлар экспортга картошка ёки бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари эмас, ғоялар, инновацион технологияларни экспорт қилмоқда. Бизда ҳам соҳага эътибор кучайди, лекин камчиликларимиз ҳам анчагина. Уларни бартараф қилиб, Янги Ўзбекистонга муносиб устозларни тарбиялашимиз керак. Устознинг улуғлиги – унинг устозлигида. Устозлик эса, унинг шу номга муносиблигида!
Мамаюнус ПАРДАЕВ, СамИСИ профессори, иқтисодиёт фанлари доктори.
Мақола Zarnews нашридан олинди.
Янгиликлар лентаси
0