“Адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирди”: Хуршид Даврон Жамол Камол ҳақида

© Хуршид Даврон шахсий архивиданХуршид Даврон Жамол Камол билан
Хуршид Даврон Жамол Камол билан - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 27.09.2022
Oбуна бўлиш
Хуршид Даврон Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол нафақат шеъриятда, балки ўзбек таржима санъатида ҳам ўчмас из қолдирганини таъкидлади.
ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Бугун Ўзбекистoн Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистoн халқ шоири Жамол Камол 84 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Жамол Камол ўзбек адабиётида тарихида мангу из қолдирганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Жамол Камол ўзбек мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобур рубоийларини яхши кўрган. Шеър ёзишга бўлган муҳаббати ҳам айнан шу рубоийлар орқали бошланган.
Хуршид Даврон Жамол Камол биринчи галда Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов сафида турадиган даражада шоир бўлганини айтди. Улар ўзбек адабиётида шеърий иқлимни ўзгартириб юборишган, унга инсоний туйғуни қайта олиб киришган.
Адиб Жамол Камолнинг нафақат шеъриятда, балки ўзбек таржима санъатида ҳам ўчмас из қолдирганини таъкидлади. Унинг Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” асарини таржима қилгани таҳсинга сазовор эканини урғулади.
“Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Чунки бу асарлар қават-қават маънога эга. Ҳар бир сатр 10-12 та маънога эга бўлади. Уларни билиш, уларни ўрганиш, уларнинг оҳанги ва маъносини чиқариб бериш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Жамол ака мана шу “Маснавий”нинг дастлабки таржимони сифатида адабиётимиз тарихида қолади”, - деди Хуршид Даврон Sputnik мухбири билан суҳбатда.
У буюк шоирларнинг ҳаёти тугаса ҳам, лекин унинг умри шеърлари ва асарлари орқали давом этишини қайд этди.
Янгиликлар лентаси
0