Давлат боғчалари учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқилади

© SputnikДетский сад Erudit Kids Planet в Нурафшане
Детский сад Erudit Kids Planet в Нурафшане - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.09.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон боғчаларида болаларни мавсумга мос равишда овқатлантириш чоралари кўрилади.
ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқилади. Олий Мажлис Сенати кенгашининг навбатдаги йиғилишида мутасаддиларга тегишли топшириқ берилди.
Сенат раиси Танзила Норбоева болаларни аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этишда қатор жиддий камчиликлар мавжудлигини таъкидлади. Масалан, уларни назорат қилиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, овқатлантириш тизимида инсон омилининг юқорилиги коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда қайд этилган муаммолардан келиб чиқиб таҳлилий материал тайёрлаш зарур эканлиги қайд этилди ва унда ўз аксини топиши лозим бўлган маълумотлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.
Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига болаларни мавсумга мос равишда овқатлантириш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқиш ва мазкур таомнома бўйича бир бола учун сарфланадиган бир йиллик маблағ миқдорини ҳисоблаш топшириғи берилди.
Маълумот учун, 2017 йилда республика бўйича жами 5 211 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 28 012 тани ташкил этмоқда.
Мазкур муассасаларда бола қамрови 708 минг нафардан қарийб 2 миллион нафар (69,4 фоиз) га етган. 2022 йил 1 январь ҳолатига мамлакатда 6300 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, уларда 1 миллион 276 минг бола қамраб олинган. 1185 та давлат боғчасида овқатланиш аутсорсинг усулида ташкил этилган бўлса, 5145 таси ўз ошхонасига эга.
Янгиликлар лентаси
0