ШҲТ саммитида 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши кутилмоқда
14:25 12.09.2022 (янгиланди: 17:51 12.09.2022)
© Пресс-служба президента УзбекистанаПресс-секретарь президента Узбекистана, замглавы его администрации Шерзод Асадов
Oбуна бўлиш
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан мамлакатимизда бўлади.
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг саммитида имзолаш учун 30 дан ортиқ ҳужжат тақдим этилиши режалаштирилган. Бу ҳақида президент матбуот котиби Шерзод Асадов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, нафақат ҳафтанинг, балки бутун йилнинг энг муҳим сиёсий аҳамиятга эга тадбири 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг 22-мажлисидир.
Тадбирда 8 та аъзо мамлакат - Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, 3 та кузатувчи мақомидаги мамлакат - Беларусь, Эрон, Мўғилистон ва 4 та меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакат - Туркия, Озарбайжон, Турманистон, Арманистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Шунингдек, саммитда қатнашиш учун БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО), ЮНЕСКО, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари таклиф этилган.
Аввал ташкилотга аъзо давлатлар етакчиларининг тор доирада мажлиси, сўнг барча делегациялар иштирокидаги кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтади. Шу билан бирга, Саммит доирасида икки томонлама учрашувлар ҳам кўзда тутилган.
Шерзод Асадов сўзларига кўра, сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон президенти томонидан ШҲТ саммитларида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, инновация ва бошқа соҳалар бўйича ҳамкорлик самарадорлигини оширишга доир 54 та ташаббус илгари сурилди.
"Шулардан 33 таси ҳаётга татбиқ этилган бўлса, 17 таси Самарқанд саммити давомида амалга оширилиши кутилмоқда. Қолган 4 таси эса ҳозирги вақтда ташкилотга аъзо мамлакатлар билан биргаликда ишлаб чиқилмоқда", дейди Шерзод Асадов.
Самарқанд саммитининг асосий мақсадларидан бири ШҲТ оиласини янада кенгайтириш масаласидир. Давлат раҳбарлари кенгаши доирасида ШҲТга аъзолик мақомини олиш учун Эроннинг мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутилмоқда.
Тадбирда қабул қилинадиган муҳим ҳужжатлардан бири бу – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзо давлатлари ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Шартномани 2023-2027 йилларда амалга ошириш бўйича кенг қамровли режадир.
Матбуот котиби ушбу стратегик аҳамиятга эга ҳужжат Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилгани ва ШҲТга аъзо барча давлатлар томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этиб ўтди.
Режа лойиҳаси ташкилот доирасида барча соҳалар бўйича амалга оширилаётган ҳамкорлик йўналишларини қамраб олган ва ҳозирги кунда 120 га яқин тадбирларни ўз ичига олган.
Айниқса, асосий урғу савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга каратилган. Масалан, инвестициялар, энергетика, транспорт, логистика, саноат кооперацияси, ахборот ва телекоммуникациялар, қишлоқ хўжалиги, божхона ва бошқа соҳалардаги шерикликни янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ тадбирлар ва уларнинг бажарилишига масъул идоралар белгиланган.
Бундан ташқари, ШҲТнинг кузатувчи ва мулоқот бўйича ҳамкорлар аъзолигини кенгайтириш тўғрисидаги қарори қабул қилинади.
"Саммитнинг асосий ҳужжати бу — аъзо мамлакатларнинг энг муҳим минтақавий ва глобал муаммолар бўйича мужассамлашган позициялари ўз ифодасини топган Самарқанд декларацияси. Унда минтақавий барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, маданий мулоқотни чуқурлаштириш бўйича қўшма ёндашувлар белгилаб берилган", дейди у.
Шунингдек, Самарқанддаги саммит доирасида ШҲТ билан Араб давлатлари лигаси, БМТнинг ихтисослашган ташкилотлари — ЭСКАТО ва ЮНЕСКО ўртасида ўзаро англашув меморандумларини имзолаш режалаштирилган.
Саммит доирасида давлат раҳбари бир қатор делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади, улар билан ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашади.
Шунингдек, Хитой раиси Си Цзиньпин 14-16 сентябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади. Ўзбекистон ва Хитой етакчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашадилар. Учрашув якунида Қўшма баёнот ва салмоқли келишувлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Россия президенти Владимир Путин 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд шаҳридаги саммити доирасида ташриф билан мамлакатда бўлади.
Ўзбекистон ва Россия етакчиларининг музокаралари кун тартибидан стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган.
Бундан ташқари, Эрон президенти Иброҳим Раисий 14-16 сентябрь кунлари расмий ташриф билан мамлакатга ташриф буюради.
Икки мамлакат етакчилари музокара ўтказиб, кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқадилар, савдо, кооперация, инновациялар, транспорт, энергетика, туризм ва бошқа йўналишлардаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратадилар.