Историко-этнографический парк Вечный город, вошедший в состав международного туристического комплекса Великий шелковый путь, открылся в Самарканде. - Sputnik Ўзбекистон, 1920
ШҲТ-2022: Самарқанд саммити
Самарқанд 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига мезбонлик қилади.

Дунёда блокларга мансублик қайта туғилиши хавфи юзага келмоқда – Мирзиёев

© Пресс-служба президента УзбекистанаШавкат Мирзиёев, архивное фото
Шавкат Мирзиёев, архивное фото - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.09.2022
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон президентининг фикрича, дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот.
ТОШКЕНТ, 12 сен — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келганини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.
“Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқатидир. Бунинг асосий сабабларидан бири – глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда”, - дея ёзади Мирзиёев ўзининг ШТҲнинг Самарқанд саммити арафасида чоп қилинган мақоласида.
Таъкидланишича, давлатлар ўртасидаги бундай ўзаро ишончсизлик жараёни жаҳон иқтисодиётининг аввалги тараққиёт йўлига қайтишини ва глобал таъминот занжирларининг тикланишини мураккаблаштирмоқда.
Мирзиёевнинг фикрича, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда.
“Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас. Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир”, - дея ҳисоблайди президент.
Давлат раҳбари айнан инқироз ва бўҳронлар даврида мамлакатлар, улар хоҳ катта, ўрта ёки кичик бўлсин, ўзларининг тор доирадаги манфаатларини устун қўймасдан, аксинча, асосий эътиборни глобал ҳамжиҳатликка қаратишлари лозимлигини қайд этган.
“Самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади”, - дея қўшимча қилган Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд 15-16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгаши мажлисига мезбонлик қилади.
Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо мамлакат раҳбарлари 2019 йилдан буён илк марта юзма-юз кўришади. Шунингдек, саммитда биринчи марта 15 мамлакат раҳбари иштирок этади.
ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилот. Унга Ҳиндистон, Хитой, Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон кузатувчи мамлакат мақомига эга. Самарқанд саммитида Эронни ташкилотга тўлақонли аъзо бўлишига оид ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда.
Янгиликлар лентаси
0