Нарбаева пандемия келтириб чиқарган инқирозларни енгишга чақирди

Танзила Нарбаева
Танзила Нарбаева  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.09.2022
Oбуна бўлиш
Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитида 17 давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.
ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Парламентлараро Иттифоқнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган стратегик режасини амалга ошириш натижасида сўнгги 5 йил ичида дунёда аёл парламентарийлар сони 23,4 фоиздан 26 фоизга ўсди.
Бу ҳақида Танзила Нарбаева Тошкентда бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитида маълум қилди, деб хабар берди Sputnik мухбири.
“Бугун турли можаролар авж олиб, янги хавф ва тўқнашувлар пайдо бўлмоқда, яқин келажакда дунёда қандай сиёсий ва иқтисодий тартиб ҳукмрон бўлишини ҳеч ким башорат қила олмайди”, дейди Сенат раиси.
Сўнгги йилларда дунёнинг деярли барча мамлакатларида пандемия туфайли савдо-иқтисодий алоқаларнинг қисқариши, жамият ҳаётининг турли соҳаларида хавф-хатарларнинг кучайиши, ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқариши, ишсизликнинг кучайиши кузатилмоқда.
Ҳозирги вақтда пандемия туфайли юзага келган инқироздан кейин иқтисодиётни тиклаш жараёнини барқарорлаштириш ва жадаллаштириш бўйича халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини бирлаштириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Танзила Нарбаева ўз сўзида бугунги анжуман кун тартибидаги барча мавзулар ниҳоятда долзарб бўлиб, дунё давлатларининг келажак тақдири учун катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этиб ўтди.

"Нуфузли халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, аёллар пандемиядан энг кўп жабр кўрган. Хусусан, меҳнат бозорида аёлларнинг 5 фоизи ишсиз қолган. Оилалардаги оғир аҳвол туфайли аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб кетган. Жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони ҳам ортиб бормоқда”, дейди Танзила Нарбаева.

Шу билан бирга, у шундай мураккаб шароитда халқаро ҳамжамиятнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, бир-бирига бўлган хайрихоҳлик туфайли вазият сезиларли даражада яхшиланганини таъкидлади.
Аммо пандемия ҳали ҳам давом этаётган, унинг асоратлари ҳалигача бартараф этилмаган бир шароитда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, қонунчилик, халқаро стандарт ва нормаларни янада такомиллаштириш давр талаби бўлиб қолмоқда.
“Шундан келиб чиқиб, бугунги саммитда биз пандемия оқибатида юзага келган жиддий ижтимоий-иқтисодий инқирозларни, хусусан, янги хавфларни бартараф этиш бўйича конструктив таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни биргаликда амалга ошириш бўйича самарали чора-тадбирларни белгилашни мақсад қилиб қўйдик”, дейди Сенат раиси.
Эслатиб ўтамиз, саммит ўз ишини 9 сентбрь куни ҳам давом эттиради. Унда БМТ, Парламентлараро Иттифоқ ва унга аъзо мамлакатлар парламентлари палаталарининг аёл-спикерлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Парламент Ассамблеяси каби халқаро ташкилотлар раҳбарлари, 17 давлатдан 120 дан ортиқ парламент вакиллари иштирок этмоқда.
Янгиликлар лентаси
0