Мактаб дарсликлари ижараси доимий бепул бўлади

© Sputnik / Кирилл Каллиников / Медиабанкка ўтишПервоклассники
Первоклассники - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 07.09.2022
Oбуна бўлиш
Халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаев дарсликлар ижараси учун аллақачон пул берган ота-оналар пулларини қайтариб олишлари мумкинлигини таъкидлади.
ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ўзбекистонда мактаб дарсликлари ижараси доимий равишда бепул бўлади. Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов 6 сентябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Таъкидланишича, “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун билан китоб жамғармаси бюджети тасдиқланган. Унга кўра, 2022 йилда китоб чоп этиш учун 1,1 трлн сўм кўзда тутилган. Шундан 605 млрд сўм давлат бюджетидан йўналтирилади, қолгани Бюджетдан ташқари Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.
Қонунчиликка кўра, ушбу Жамғарма маблағлари ижара тушумларидан шаклланиши белгиланган. Жорий йилда 500 млрд сўм ижара тушумидан қопланиши керак эди.
“Президентимизнинг инсон қадрини улуғлаш, аҳолига енгиллик яратишга қаратилган эзгу ғоялари асосида дарсликлар ижараси бепул бўлди. Бу нима дегани? Яъни, бу йил ижара тушумидан шаклланиши — ота-оналар тўлаши керак бўлган 500 млрд сўмга яқин пул давлат бюджетидан тўлаб берилади. Эътиборли томони, кейинги ўқув йиллари учун ҳам мактаб дарсликларининг ижараси бепул бўлади”, - деди Комилов.
Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев дарсликлар ижараси учун аллақачон пул берган ота-оналар мактабга мурожаат қилиб, шу маблағларини қайтариб олишлари мумкинлигини таъкидлади.
“Вазирлик биринчидан, дарслик учун ижара пулини йиғмаслик, иккинчидан, агар йиғиб бўлинган бўлса, ота-оналарни хабардор қилиб, қўлларига қайтариб беришни сўраб мурожаат қилиб қолади”, - дея қўшимча қилди Шарифхўжаев.
Жорий ўқув йилида ўртача бир дона дарслик (машқ дафтари) учун ягона ижара тўлови 5 707 сўмни ташкил этиши кутилаётган эди. Бу ўтган ўқув йилидаги миқдор (2 740 сўм)га нисбатан 2 967 сўмга кўп. Халқ таълими вазирлиги бунга дунё бозорида қоғоз нархи ва қоғозни мамлакатга етказиб бериш бўйича транспорт ҳаражатларининг кескин ошиб кетишини сабаб қилиб кўрсатганди.
Дарсликлари ва машқ дафтарларининг ижара тўловлари миқдорлари кескин оширилиши жамоатчилик, ота-оналарларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 5 сентябрь куни дарсликларни бепул ижарага беришни тезкор йўлга қўйиш юзасидан топшириқ берди.
Президент Администрацияси ҳузуридаги ишчи гуруҳ мактаб дарсликларини ўрганишга киришди
Янгиликлар лентаси
0