Шахсларни телефон рақами орқали идентификация қилиш тартиби тасдиқланди

© Sputnik / Павел Бедняков / Медиабанкка ўтишСмартфон в руках
Смартфон в руках - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 06.09.2022
Oбуна бўлиш
Мобил-ID тизимига идентификация қилишда 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмайди.
ТОШКЕНТ, 6 сен — Sputnik. Вазирлар маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсларни идентификациялашнинг Мобил-ID тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 479-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Mobil-ID тизимида идентификациялаш, тизимдан фойдаланиш ва идентификацияни бекор қилишни тартибга солувчи низом тасдиқланди.
Унга кўра шахсни Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра давлат хизматлари маркази (ДХМ) ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг (ЯИДХП) мобил иловаси орқали амалга оширилади.
Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг аслини тақдим этади. ДХМ ёки нотариал идора ходими фуқаронинг юзини рақамли форматда расмга туширади, электрон шаклда қўл бармоғи изини олади ва мобил телефон рақамини ЯИДХПдаги шахсий кабинетга боғлайди. Рақам айнан ушбу шахсга тегишли бўлиши лозим.
Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациядан ўтиш учун фуқаро ЯИДХПнинг мобил иловасидан фойдаланилганда масофадан биометрик идентификациялаш (Face-ID) усули ёки ID-картадаги электрон рақамли имзо қўлланилади. Телефон рақами ЯИДХПдаги шахсий кабинетга бепул боғланади.
Мобил-ID тизимига идентификация қилишда 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмайди, 1 январдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилади.
Мобил-ID тизими фойдаланувчилари электрон рақамли имзони қўлламаган ҳолда барча давлат хизматларидан (бундан кредитлаш соҳасида кўрсатиладиган молиявий хизматлар мустасно) фойдаланиши мумкин.
Адлия вазирлиги 1 сентябрга қадар марказлар ва нотариал идораларни жисмоний шахсларни Мобил-ID тизимида идентификациялашни йўлга қўйиш бўйича зарур моддий-техник база билан таъминлаши зарур.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 1 сентябрга қадар жисмоний шахсларни Мобил-ID тизимида идентификациялашни ЯИДХПнинг мобил иловаси орқали жорий этиш вазифаси топширилган.
Аввалроқ Мобил-ID синов тариқасида ишга туширилгани хабар қилинган эди.
Янгиликлар лентаси
0