Янги ўқув йилида ОТМларда хотин-қизлар учун қандай имтиёзлар яратилади

Студенты  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 05.09.2022
Oбуна бўлиш
Янги ўқув йилида Ўзбекистонда олий таълим тизимида таҳсил олмоқчи бўлган хотин-қизлар учун қандай имкониятлар яратилмоқда? Батафсил Sputnik мухбири мақоласида.
Янги ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон ОТМларида тўлов-контракт асосида ўқишга кирган хотин-қизлар учун бир талай янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Асосий имтиёзлар:
Хотин-қизлар учун имтиёзли кредит олиш имконияти яратилмоқда.
Кам таъминланган оилалар фарзандлари ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларга тўлов контрак пули қайтариш шартисиз тўлаб берилади.
Магистратура босқичида ўқиётганларни эса тўлов-контракт пуллари давлат томонидан тўланади.

Хотин-қизлар учун имтиёзли кредитлар

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча хусусий, хорижий ва давлат олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларида хотин-қизларнинг тўлов-контракт асосида ўқишлари учун имтиёзли шартларда таълим кредитлари ажратилади. Бу 18 июль куни президент имзолаган қарорда назарда тутилган.
Унга кўра, кундузги, сиртқи ва кечки таълим шакли учун хотин-қизларга:
тижорат банклари Молия вазирлиги томонидан жойлаштириладиган депозит маблағлари ҳисобидан таълим кредитларини 14 фоиз ставкада ажратади;
таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
таълим кредити бўйича фоиз ставкаларини сўндириш Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, уларни тижорат банкларига тўлаш орқали амалга оширилади;
таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари ва бошқа учинчи шахс биргаликда қарз олувчи сифатидақатнашишига рухсат этилади.

Кам таъминланган оилалар фарзандлари

Ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари тўлаб берилади.
Мазкур имтиёз Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ПФ-87-сон Фармонида кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан 150 нафардан жами 2100 нафар ижтимоий эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган талаба хотин-қизларнинг таълим контрактлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариш шартисиз тўлаб берилади.
Комиссия ҳар ўқув йилида 1 октябрдан кеч бўлмаган муддатда тавсиянома берилган хотин-қизлар рўйхатини ҳамда шартномани имзолаш бўйича хулосаларни тегишлилиги бўйича давлат олий таълим муассасаларига ёзма равишда киритади ва белгиланган тартибда шартномаларни расмийлаштиради.
Бунда талаба хотин-қизлар давлат ОТМларига контракт асосида ўқишга кирганида контракт тўлови Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тўлаб берилади.

Магистратура

Магистратурада ўқийдиган барча хотин-қизларнинг тўлов контракт пуллари бюджет ҳисобидан тўлаб берилади. Бунинг учун улар 15 сентябрга қадар ариза топширишлари керак.
“Хотин-қизларимиз 15 сентябрга қадар ОТМ раҳбарига тўлов-контракт пул миқдорини бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб бериш юзасидан ёзма ариза билан мурожаат этадилар. Мазкур аризалар 5 кун муддат ичида кўриб чиқилади ва тўлов-контракт суммалари стипендиясиз тарзда ўқитиш қиймати миқдорида молиялаштирилади”, деди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бўлим бошлиғи Қурбонназар Ортиқов.
Маълумот учун, Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси қарорига мувофиқ 2022/2023 ўқув йили учун барча давлат олий таълим муассасалари бакалавриат таълим йўналишлари бўйича базавий тўлов-контракт қийматидан келиб чиқиб, фақат табақалаштирилган (супер) тўлов-контракт миқдорлари 10 фоизга камайтириб белгиланди.
Янгиликлар лентаси
0