Нодирбек Абдусатторов дунёнинг ТОП-30 шахматчилари қаторидан ўрин олди

© Ўзбекистон президенти матбуот хизматиНодирбек Абдусатторов
Нодирбек Абдусатторов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 04.09.2022
Oбуна бўлиш
FIDE рейтингининг ТОП-100 талигидан ўзбекистонлик тўрт шахматчи ҳам жой олди.
ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Халқаро шахмат федерацияси (FIDE)нинг сентябрь ойи учун жаҳон шахматчилари рейтингида кучли 30 таликдан жой олди. Рейтинг федерация сайтида келтирилган.
Рўйхатда Абдусатторов 2713 очко билан 30-ўриндан жой эгаллаган. У август ойидаги рейтингда 64-ўринда эди.
Қайд этиш керак, бунга Абдусатторовнинг август ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва Туркия суперлигасида жами 22 та ўйин ўтказиб, уларнинг аксариятида муваффақиятга эришгани сабаб бўлган.
Ўзбекистондан яна уч нафар шахматчи FIDE рейтингининг кучли юзталиги орасидан ўрин олган: Рустам Қосимжонов 2670 очко билан 72-ўринда, Нодирбек Якуббоев 2656 очко билан 89-ўринда, Жавоҳир Синдоров 2651 очко билан 92-ўринда бормоқда.
Ўзбекистон шахмат федерацияси FIDE рейтингида 18-ўринга кўтарилган (+1).
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси август ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган эди. Шу муносаба билан Ўзбекистонда жамоа аъзолари: Нодирбек Якуббоев, Жавоҳир Синдоров, Жаҳонгир Воҳидов, Нодирбек Абдусатторов ва Шамсиддин Воҳидов “Ўзбекистон ифтихори” унвони, "Equinox" автомобили ва 600 млн сўмдан пул мукофотлари билан тақдирланганди.
Маълумот учун, Нодирбек Абдусатторов 5 ёшида шахмат ўйнашга қизиқиб қолган ва опаси ҳамда акасининг ўйинини кузатиш асносида шахмат сир-асрорларини мустақил ўрганган.
У 11 ёшида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг “ТОП-100 ўсмирлар” қаторига кирган. 2021 йилда Польша пойтахти Варшавада шахматнинг рапид йўналиши (тезкор шахмат) бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган.
Янгиликлар лентаси
0