Ўзбекистон номини дунёга танитаётган ёшлар

© Фото: Федерация шахмат УзбекистанаНодирбек Абдусатторов
Нодирбек Абдусатторов - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 03.09.2022
Oбуна бўлиш
Таниқли спортчилардан тортиб мусиқа соҳасидаги янги юлдузларгача: Ўзбекистон маданий дипломатиясини ривожлантираётган ўзбек ёшлари вакиллари ҳақида сўз юритамиз.
ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Бугун сизга Ўзбекистон байроғини халқаро майдонда баландларга кўтараётган, Ватани номини бутун дунёга танитаётган ёшлар ҳақида сўзлаб берамиз.
Нодирбек Абдусатторов — Ўзбекистонлик таниқли шахматчи, энг ёш гроссмейстерлардан бири ва тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпиони. У 5 ёшида шахмат ўйнашга қизиқиб қолган ва опаси ҳамда акасининг ўйинини кузатиш асносида шахмат сир-асрорларини мустақил ўрганиб борган.
Нодирбек 11 ёшида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг “ТОП-100 ўсмирлар” қаторига кирди. 2021 йилда Польша пойтахти Варшавада шахматнинг рапид йўналиши (тезкор шахмат) бўйича жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди.
Шунингдек, Нодирбек Абдусатторов бошчилигидаги шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси яқинда Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам зафар қучди.
Алишер Саъдуллаев — Ўзбекистон ҳукуматининг энг ёш аъзоси, ҳозирда у 28 ёшда. Саъдуллаев 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири ўринбосари лавозимини эгаллаган. 2020 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Ёшлар масалалари агентлигига раҳбарлик қилмоқда.
Шунингдек, 2022 йилда ёш бўлишига қарамасдан унга Ўзбекистон шахмат федерациясига раиси вазифаси ҳам юкланди.
Андижон мусиқа мактаби жамоаси — жорий йилнинг август ойида Андижон шаҳридаги 3-мусиқа мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари Россияда анча машҳурликка эришди. Гап шундаки, мазкур таълим муассасаси икки маротаба Ўзбекистондаги энг яхши мусиқа ва санъат мактабига айлангани боис, ўқувчилари Москвадаги халқаро форумга таклиф қилинди. Ўғил-қизлар Москвада бўлиб ўтган Болалар маданий форумида Ўзбекистон номидан иштирок этди.
Хуллас, халқаро форумда ёш раққосалар Мунавварчеҳра Исоқова ва Района Абдуллаева ўзбек рақс санъатининг бор гўзаллигини намойиш этди, Района Аҳмедова ва Сардорбек Улмасбоев жамоаси эса дутор ҳамда рубоб чалишда, Аднона Акбарова рассомлик санъатида ўзининг маҳоратини кўрсатди.
“Ташкилотчиларнинг илиқ кутиб олишларидан чин дилдан хурсанд бўлдим. Ишончим комилки, бу болалар миллий маданиятимизни янада ривожлантириш ҳамда уни дунёга ёйишга ҳисса қўшади”, - дейди кейинроқ Sputnik мухбирига мактаб директори Муножат Исоқова.
Зуҳриддин Қодиров – қиличбозлик бўйича чемпионатда жаҳон чемпиони бўлган биринчи ўзбекистонлик. Шу йилнинг апрель ойида БААда кадетлар ўртасида қиличбозлик бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Зуҳриддин германиялик рақибини мағлуб этганди.
Бироқ, спортчининг ўзи айтганидек, у ғалабадан кейин катта эйфорияни бошдан кечирмади, аксинча, у энди янада кўпроқ машқ қилиш кераклигини ҳис қилди.
Барчиной Қодирова — июль ойида Таиландда ўтказилган кадетлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг кумуш медали соҳибаси. Бироқ, қиз кумуш билан чекланмади. У ўзи орзу қилган олтинни олиш истагида ҳаракатни давом эттирди ва август ойида Босния ҳамда Герцеговинада ўтказилган дзюдо бўйича кадетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Франция ва Италия спортчиларини мағлуб этиб, биринчи ўринни эгаллади.
Янгиликлар лентаси
0