Ислом дунёси давлатлари Россиянинг анъанавий ҳамкорлари ҳисобланади - Путин
© Sputnik / Алексей МайшевПрезидент РФ Владимир Путин
© Sputnik / Алексей Майшев
Oбуна бўлиш
27-30 август кунлари Қозон шаҳрида Қозон глобал ёшлар саммити бўлиб ўтмоқда. Унга 67 давлатдан 300 дан ортиқ киши ташриф буюрди.
ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Ислом дунёси давлатлари минтақавий ва глобал кун тартибининг долзарб масалаларини ҳал этишда Россиянинг анъанавий ҳамкорлари ҳисобланади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин Қозон глобал ёшлар саммити иштирокчиларига табригида таъкидлади.
Душанба куни очилган саммитнинг ялпи мажлисида Татаристон президенти Рустам Миннихонов Путиннинг табрикномасини ўқиб эшиттирди.
“Ислом дунёси давлатлари минтақавий ва глобал кун тартибидаги кўплаб долзарб масалаларни ҳал этишда, янада адолатли, демократик дунё тартибини барпо этишда бизнинг анъанавий ҳамкорларимиздир. Бундай конструктив кўп қиррали ўзаро ҳамкорликда ёшларнинг янада фаолроқ иштирок этиши муҳим”, дейилади табрикда.
Россия президенти Қозон шаҳрининг Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ёшлар пойтахти этиб сайлангани Россиянинг ушбу нуфузли халқаро тузилма билан алоқалари юксак даражада эканлигини тасдиқлаганини қайд этди.
27-30 август кунлари Қозон шаҳрида Қозон глобал ёшлар саммити бўлиб ўтмоқда. Унда ИҲТга аъзо давлатлар Ёшлар ишлари ва спорт вазирлари, фавқулодда ва мухтор элчилар, ИҲТ давлатларининг Бош консуллари, ёшлар ташкилотлари етакчилари, ёшлар сиёсати билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар вакиллари, ёш тадбиркорлар ва илмий ҳамжамият вакиллари иштирок этмоқда. Жами саммитга Жазоир, Бангладеш, Бенин, Миср, Индонезия, Ироқ, Эрон, Қозоғистон, Камерун, Нигер, Канада, Баҳрайн Қироллиги, Ливан, Ливия, Малайзия, Марокаш, БАА, Уммон, Покистон, Фаластин, Саудия Арабистони, Туркия каби 67 давлатдан 300 дан ортиқ киши ташриф буюрди.