Мулкка тақиқ қўйилгани тўғрисидаги маълумотлар банки жорий этилади
© SputnikАвтомобильная инфраструктура
© Sputnik
Oбуна бўлиш
1 октябрдан мол-мулкка тақиқ қўйилганлиги тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилди.
ТОШКЕНТ, 24 авг — Sputnik. Ўзбекистон ҳудудида 1 октябрдан бошлаб таъқиқ қўйилган мол-мулкнинг электрон базаси яратилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг 22 августдаги 468-сон қарори билан тасдиқланган низомда келтирилган.
“Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимида мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб (хатлаб) қўйилгани, шунингдек тақиқлаб (хатлаб) қўйиш бекор қилингани тўғрисидаги электрон маълумотлар банки жорий этилади, - дейилади ҳужжатда.
Маълумотларни электрон маълумотлар банкига киритишда:
жисмоний шахснинг шахсига оид ва автомототранспорт воситаларига оид маълумотлар – Ички ишлар вазирлиги;
юридик шахсга оид маълумотлар – Адлия вазирлиги;
кўчмас мулкка оид маълумотлар – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги;
қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларига оид маълумотлар – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси;
аттракционлар ва кўтариш иншоотлари (минора кранлари)га оид маълумотлар – Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;
кемаларга оид маълумотлар – Транспорт вазирлиги;
кичик ҳажмли кемаларга оид маълумотлар – Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Кичик ҳажмли кемалар инспекциясининг электрон ахборот тизимлари орқали реал вақт режимида амалга оширилади.
Электрон маълумотлар банки давлат тилида шакллантирилади ва юритилади. Нотариус электрон маълумотлар банки орқали мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиши ва тақиқни бекор қилиши мумкин.
Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди.
Мурожаатга асосан электрон маълумотлар банкида мавжуд маълумотлар нотариус ва (ёки) нотариал архив мудири томонидан тўғридан-тўғри ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали ёхуд E-notarius.uz ахборот портали орқали тақдим этилади.