Жиддада Мирзиёевнинг Саудияга ташрифига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди

© Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати Жамшид Ходжаев Холид ал-Фалиҳ билан учрашди
Жамшид Ходжаев Холид ал-Фалиҳ билан учрашди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 17.08.2022
Oбуна бўлиш
Жиддада Ўзбекистон президентининг Саудия Арабистонига бўлажак давлат ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатлари муҳокама этилди.
ТОШКЕНТ, 17 авг — Sputnik. 15 август куни Жидда шаҳрида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаевнинг Саудия Арабистони инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат давомида Ўзбекистон президентининг Саудия Арабистонига бўлажак давлат ташрифига биргаликда тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, томонлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳасидаги аниқ лойиҳаларни назарда тутган ҳолда олий даражадаги ташрифнинг кун тартибини иқтисодий жиҳатдан бойитишни батафсил кўриб чиққан.
Бундан ташқари, Ўзбекистонга қўшимча Саудия Арабистони инвестицияларини жалб қилиш масалаларига ҳам тўхталган. Янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишга ўзаро тайёрлик билдирилган.
“Ўзаро муносабатларни фаоллаштириш бўйича мавжуд имкониятлар таҳлили натижаларига кўра, кутилаётган олий даражадаги ташриф мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишига ишонч билдирилди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 17-18 август кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига ташриф буюради. Бу охирги 30 йил ичида Ўзбекистон раҳбарининг ушбу мамлакатга илк ташрифи ҳисобланади.
Ташриф дастурига мувофиқ, Жидда шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Шунингдек, Мирзиёев Саудиянинг етакчи компаниялари, нуфузли халқаро тузилмалар – Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашув ўтказади. Кун тартибидан Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қилиш ҳам жой олган.
Янгиликлар лентаси
0