Мирзиёев Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Шавкат Мирзиёев принял участие в торжествах по случаю праздника Навруз.
Президент Шавкат Мирзиёев принял участие в торжествах по случаю праздника Навруз. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 30.07.2022
Oбуна бўлиш
Мирзиёев Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклади
ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Халқлар дўстлиги куни билан табриклади.
“Қадрли дўстлар!
Аввало, Сизларни, бутун Ўзбекистон халқини 30 июль – Халқлар дўстлиги куни билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Кўпмиллатли халқимизнинг мустақиллик йилларида эришган энг катта бойликларидан бири – “Ўзбекистон – умумий уйимиз” деган шиор остида мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва аҳилликни сақлай олганимиз ҳисобланади, десак, адашмаган бўламиз.
Бизнинг барча ютуқларимиз – у хоҳ ташқи ёки ички сиёсатда бўладими, хоҳ иқтисодий ёки маданий-гуманитар соҳаларда бўладими – қўлга киритаётган муваффақиятларимиз замирида жамиятимиздаги осойишталик ва тотувлик ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқимизда “Тинч элнинг боғи гуллар”, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Мана шу тинчлик бор экан – тараққиёт мавжуд. Мана шу тотувлик бор экан – келажагимиз ҳам, албатта, ёруғ бўлади.
Барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, ҳозирги глобаллашув даврида жаҳонда муросасиз рақобат, қуролли тўқнашувлар, мафкуравий низолар, аҳоли, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун курашлар, терроризм, экстремизм, сепаратизм, одам савдоси каби таҳдидлар аёвсиз тус олмоқда.
Иқтисодий инқироз, айниқса, коронавирус пандемияси натижасида турли хавф-хатарлар тобора кучайиб, инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат каби муқаддас қадриятларга раҳна солаётгани, табиийки, барчамизни ташвишга солади.
Мана шундай мураккаб замонда доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш, бебаҳо бойлигимиз бўлмиш барқарорликни сақлаш, жамиятимизда кўпмиллатли катта ягона оила туйғусини кучайтириш қанчалик муҳим ва долзарб аҳамият касб этиб бораётганига ҳаммамиз гувоҳмиз.
Шу маънода, бу йил жонажон Ўзбекистонимизда иккинчи бор нишонланаётган Халқлар дўстлиги куни яхши анъанага айланиб, эл-юртимиз ўртасида ҳамжиҳатлик, ўзаро тотувликни таъминлаш ва дўстлик алоқаларини ривожлантиришда беқиёс ўрин тутади, деб ишонамиз”.
“Барчамиз учун Ватан битта. Биз – Ўзбекистон деган жаннатмакон юртнинг фарзандларимиз. Бизнинг – шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир миллат вакилларининг ўтмишимиз ҳам, бугунги тақдиримиз ва келажагимиз ҳам бир. Бизни улуғ ва муштарак мақсад бирлаштиради. У ҳам бўлса, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигидир.
Мана шу эзгу ният йўлида ҳалол меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимиз Ўзбекистонда ўзининг бахту саодатини албатта топади. Бунинг учун давлатимиз, жамиятимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этади.
Сизларни Халқлар дўстлиги куни билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман”, - дея Шавкат Мирзиёев табригини якунлаган.
Президент табригининг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Янгиликлар лентаси
0