Кабулов: Россия АҚШ Афғонистондан ўғирлаган пулларнинг қайтарилиши тарафдори
13:49 26.07.2022 (янгиланди: 18:38 05.04.2023)
© Sputnik / Владимир Астапкович
/ Oбуна бўлиш
Россия президентнинг Афғонистондаги расмий вакилининг сўзларига кўра, аҳолиси кунига бир доллардан кам даромад оладиган мамлакатдан 7 миллиард долларни ўғирлаш жиноятдир.
ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Россия Афғонистонга тегишли, бироқ АҚШ томонидан ўғирланган 7 миллиард долларни мамлакатга қайтаришни талаб қилган Афғонистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақийни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Россия президентнинг Афғонистондаги расмий вакили Замир Кабулов маълум қилди, дея хабар берди Sputnik мухбири.
“Бу халқаро ҳамжамиятнинг даромади бўлиши керак. Мен Афғонистонга тегишли музлатилган, аслида АҚШ томонидан ўғирланган 7 миллиард долларни мамлакатга сўзсиз қайтаришни талаб қилган Муттақийни тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Аҳолиси кунига бир доллардан кам даромад оладиган мамлакатдан 7 миллиард долларни ўғирлаш жиноятдир”, - деди у Тошкетда бўлиб ўтаётган Афғонистон бўйича халқаро конференцияда.
Унинг қўшимча қилишича, бу Жаҳон банкининг Афғонистонга ажратилган 2,5 миллиард долларлик инсонпарварлик ёрдамига ҳам тегишли бўлиб, “улар бу билан афғонларга музлатилган пулларни қисман қайтариб бергандек иккиюзламачилик қиляпти”.
“Бу мутлақо ғалати. Жаноб Потцель, нима учун сиз халқаро ҳамжамиятнинг фикри сифатида Афғонистон Марказий банкини Вашингтон томонидан тайинланган директор бошқариши керак, деган қарорга келдингиз? Бу халқаро ҳамжамиятнинг фикри эмас, мен буни Россия Федерацияси вакили, Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси сифатида айтаман. Биз бундай фикр билдирмаганмиз ва уни қўллаб-қувватламаймиз. Биз бу борада ёлғиз эмасмиз”, - дея қўшимча қилди Кабулов.
Шунингдек, у Россия Афғонистонни 20 йил давомида ҳозирги аҳволга олиб келган АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқалар ўз хатоларини ҳамда улар қўллаб-қувватлаган коррупцион ҳукуматни тузатишга катта ҳисса қўшиши лозимлигини таъкидлади.
“Биз Афғонистон ҳукумати билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйишга қарор қилдик. Россия ҳукумати афғон маҳсулотларини мамлакатга экспорт қилиш учун божхона тўловларини нолга туширди. Бундан ташқари, Афғонистон Савдо вазирлигидан афғонлар биринчи навбатда манфаатдор бўлган товарлар рўйхатини олдик. Биз музокараларга, Афғонистон ҳукуматининг мурожаати ва сўровларини тўлиқ қондиришга тайёрмиз. Бу донга ҳам, турли нефть маҳсулотларига ҳам тегишли. Биз минтақавий шерикларимиз билан ҳамкорликни давом эттирамиз, хоҳ у Москва формати, хоҳ ШҲТ доирасида бўлсин”, - дея хулоса қилди Кабулов.
Аввалроқ Амирхон Муттақий Тошкентдаги конференцияда АҚШни ҳеч қандай шартларсиз мамлакатнинг музлатилган пулларни қайтаришга чақиргани хабар қилинган эди. Бундан ташқари, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Афғонистоннинг хориждаги молиявий активларига қўйилган чекловларни олиб ташлаш муҳим эканлигини қайд этган.
Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Афғонистон: Хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли тадбирда 20 дан ортиқ давлатнинг Афғонистон бўйича махсус вакиллари, ўнлаб халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, Афғонистон муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этмоқда.