Ўзбекистонда вабо аниқлангани ҳақидаги хабарлар ёлғон - Отабеков
12:34 25.07.2022 (янгиланди: 13:05 25.07.2022)
© Sputnik / Дильшода РахматоваЗамначальника Службы санитарно-эпидемиологического благополучия и общественного здоровья (СЭС) Узбекистана Нурмат Отабеков.
© Sputnik / Дильшода Рахматова
Oбуна бўлиш
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ўзбекистонда вабо касаллиги аниқлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.
ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Атабеков Ўзбекистонда вабо касаллиги аниқлангани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Айтилишича, Ўзбекистон ҳудудида вабо касаллиги бирор марта қайд этилмаган.
“Афғонистонда аниқланган вабо касаллиги Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида тарқалган маълумотлар мутлақо ёлғон”, дейди Нурмат Атабеков.
Унинг сўзларига кўра, вабо кассалигини дунёнинг барча ҳудудларидаги очиқ сув хавзаларида учратиш эхтимоли йўқ эмас. Шу кунгача дунёда 7 маротаба вабо пандемияси қайд этилган.
"Вабо вибриони чидамсиз бўлгани учун тоза ва сифатли ичимлик сувидан фойдаланиш ёки масаллиқларни обдон пишириб, уларни Вабо вибрионларидан халос қилиш мумкин", дейди у.
Беморга яқин юрган кишилар 5 кунлик карантинга олинади ва тиббий кўрикдан ўтказилади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра ҳозир ушбу касаллиги ўчоғида карантин қўлланилмайди.
Айтилишича, касалликни юқтириб олмасликда ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлган ва кафолатланган озиқ-овқат маҳсулотларини исъемол қилиш ва ифлосланган очиқ сув ҳавзаларида чўмилмаслик асосий тадбирлар саналади.
Вабо касаллиги
ВАБО (cholera) — ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири хисобланади.
Вабонинг классик Вабо ва Эль-Тор Вабоси деган 2 тури бор.
Вабо вибрионинг сақланиш муддати:
Дарё сувида 18 кундан 5 ойгача;
Музда бир неча ой;
Ариқларда бир неча кун;
Денгиз сувида икки ҳафта;
Совуқ вақтда нажасда бир неча ой;
Ахлат чуқурларида 3 ойгача;
Ички кийимларда 2 ой;
Қум тупроқда бир неча ой;
Сув ҳавзаларида 15—30 кун;
Сут ва ёғда бир ойгача;
Картошкада 2 ҳафтагача;
Ҳўл мевада бир неча кунгача.
Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади.
Таъкидланишича, классик вабо оғир ўтади. Бунда бемор ётиб қолади, касаллик тез-тез ич кетиши, қусиш, шунинг натижасида организмнинг сувсизланиши, шунингдек тана ҳарорати пасайиши, мускулларнинг тиришиши ва интоксикациянинг бошқа белгилари, юрак уришининг сусайиши белгилари билан кечади.
Эль-Тор вабоси эса аксарият ҳолларда енгил ўтади. Вабо белгилари бўлмагани ҳолда соғлом вибрион ташувчилар кўп учрайди, шу боис Эль-Тор Вабосини аниқлаш классик Вабони аниқлашга нисбатан қийинроқ кечади.
Шунинг учун ЭльТор Вабо сининг бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга ўтиш ва кенг тарқалиш имкониятлари катта.
Касалликни юқтириб олиш ҳолатлари:
Вабо вибриони беморнинг ахлати, қусуғи, баъзан сийдиги билан ташқарига чиқади. Вибрионлар тушган сув ва озиқ-овқатни истеъмол қилиш натижасида мазкур касаллик юқиши мумкин.
Меъда шираси вибрионларни ўлдиради, аммо сув кўп ичилганда ёки меъда шираси камроқ бўлганда вибрионлар меъдадан ингичка ичакка ўтиб, купаяди.
Вибрионларни пашша ҳам тарқатади.Улар вибрионларни қорнига ва оёкларига илаштириб олиб, озиқ-овқатга ва ичимлик сувга юқтириши мумкин.
Вабо ювуқсиз қўл, кир кийимбош ва гигиена воситалари орқали ҳам юқиши мумкин. Вабо вибрионлари тушган сувни истеъмол қилиш натижасида келиб чиққан Вабо эпидемиялари қисқа вақтда кўп аҳолини зарарлаши мумкин.
Эль-Тор Вабоси асосан шу йул билан тарқалади. Бу айниқса қишлоқ жойларда кузатилади. Вабонинг типик (альгид) формаси 2—3, баъзан 5 кунлик инкубацион даврдан кейин ўзига хос белгилар билан бошланади: ич тез-тез ва кўп келади, бемор қусади, тана ҳарорати пасаяди (35—34° гача), мускуллари тиришади, юрак уриши сусаяди.
Организм сувсизлангани учун беморнинг кўзлари киртаяди, бадани кўкаради, териси буришиб қолади, ёпишқоқ тер босади. Бемор шу аҳволда бир неча кун ётгач ич кетиши ва қусиш босилиб, соғая бошлайди.
Маълумот учун, вабо дастлаб 1816 йилда Ҳиндистонда — Ганг дарёси водийсида пайдо бўлган. У ерда турмуш шароити оғир бўлганлиги учун аҳолининг бошқа давлатларга кўчиб кетиши баробарида касаллик дастлаб Европага, кейинчалик бутун дунёга тарқалган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда вабо касаллигини тарқалашини олдини олишга қаратилган эпидемияга қарши ва профилактик чора-тадбирлар қатъий назоратга олингани маълум қилинганди.