Диплом дубликатини олиш тартиби соддалаштирилди
12:05 22.07.2022 (янгиланди: 12:51 22.07.2022)
© Sputnik / Григорий Сысоев
/ Oбуна бўлиш
Давлат хизмати учун 300 минг сўм миқдорида йиғим ундирилади.
ТОШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Эндиликда давлат хизматлари марказлари орқали йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келиб қолган дипломнинг дубликатини олиш мумкин бўлади. Бу бўйича ҳукуматнинг 395-сонли қарори билан ҳужжатларнинг дубликатини беришга оид регламент тасдиқланди.
Унга кўра, фуқароларнинг маълумотини тасдиқловчи ҳужжати йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келиб қолса ҳужжат дубликатини олиш учун давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХПга (my.gov.uz) мурожаат қилинади.
Фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда ҳам мурожаат юбориш мумкин.
Мурожаат йўллаш ва дубликатни олиш тартиби:
Ариза берувчи ДХМга келиб мурожаат этганда ходим ариза берувчи номидан сўровномани электрон тўлдиради.
Ариза берувчи сўровномани ЯИДХП орқали тўлдирилганда, ундан электрон рақамли имзо талаб этилмайди.
Давлат хизмати учун БҲМ 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.
Йиғимни тўламаслик хизмат кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади.
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига 5 иш кунлик муддат берилади.
Cўровнома тушгандан бошлаб 10 иш кунида ҳужжат дубликати расмийлаштирилади ва бу ҳақида ариза берувчига хабар берилади.
Ариза берувчи таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ваколатли органдан олиб кетади.
Ариза берувчининг хоҳишига кўра, таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликати ваколатли орган томонидан почта хизмати орқали юборилиши мумкин. Бунда почта учун тўловларни ариза берувчи тўлайди.
Дубликат асл нусха билан бир хил юридик кучга эга.