Марказий банк асосий ставка нега 15 фоизгача пасайтирилганини тушунтирди

© Sputnik / Зафар ХалиловТашкент. Центральный банк Узбекистана
Ташкент. Центральный банк Узбекистана - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 21.07.2022
Oбуна бўлиш
Келгуси ойларда нархлар ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган динамикаларидан келиб чиқиб асосий ставка 1 фоизга туширилган.
ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Марказий банк бошқарувининг 2022 йил 21 июлдаги йиғилишида асосий ставка йиллик 16 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилди.
Регулятор баёнотига кўра, май-июль ойларида қисқа муддатли ташқи шоклар таъсирини пасайиши ҳисобига макроиқтисодий ҳолатнинг нисбатан барқарорлашиши ҳамда тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш бўйича кутилмаларнинг ортда қолиши 2022 йил якунида инфляция даражасининг 12-14 фоизлик прогноз коридорининг медианисидан пастроқ, яъни қуйи чегарасига яқин шаклланиш эҳтимолларини оширмоқда.
Бу ўз навбатида, инфляциянинг апрель ойидаги прогноз даражасидан қисқа муддатли омиллар таъсири ва кутилмалар бўйича қўшилган юкламани олиб ташлаш ва шунга мос равишда, пул-кредит шароитларини ҳам ўзгартириш имконини беради.
“Инфляцион кутилмаларнинг шаклланган трендлари ҳамда келгуси ойларда нархлар ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг кутилаётган динамикаларидан келиб чиқиб бошқарув йиғилишида асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоиз даражасида белгиланди”, - дейилган хабарда.
Қайд этилишича, глобал инфляцион жараёнларнинг давом этаётганлигини инобатга олиб, нархларга монетар омиллар таъсирини минимал даражада сақлаб қолиш, миллий валютадаги активларнинг нисбий устунлигини таъминлаб бориш мақсадида йил сўнгигача “нисбатан қатъий” пул-кредит шароитлари сақлаб қолинади.
Май-июль ойларида ташқи иқтисодий шароитлар мамлакат иқтисодиёти учун нисбатан мўтадил шаклланди.
Реал самарали алмашув курси июнь ойида май ойига нисбатан қарийб 0,2 фоизга қадрсизланди.
Ташқи савдо операциялари бўйича экспорт тушумларида ҳам, импорт учун тўловларда ҳам ўсувчи тенденциялар кузатилди. Иккинчи чоракда экспорт тушумлари биринчи чоракка нисбатан 41 фоизга, импорт тўловлари эса 19 фоизга ошди.
Апрель-июнь ойларида мамлакатга (экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва хорижий валютадаги кредитлар каналлари орқали) кириб келган валюта оқимларининг ҳар йили кузатиладиган мавсумий ўсиш даражасидан ҳам юқори бўлганлиги ички валюта бозорида таклиф ҳажмини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, иккинчи чоракда банклар ва хўжалик субъектларининг валюта сотуви биринчи чоракка нисбатан 1,8 баробарга ошди.

Ички иқтисодий шароитлар

Банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг I ярим йиллик якунлари бўйича иқтисодий ўсиш реал ҳисобда 5,4 фоизни ташкил этиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига (7,2 фоиз) нисбатан паст ва апрель ойи прогнозларига (3,5-4,5 фоиз) нисбатан эса юқори даражаларда шаклланди.
Қишлоқ хўжалиги, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва чакана савдо соҳаларида ўтган йилга нисбатан юқорироқ ўсиш суръатлари кузатилди. Ушбу тенденцияларнинг сақланиб қолиши келгуси ойларда нархлар шаклланишига ижобий таъсир этиши кутилмоқда.
I ярим йилликда ойлик ва нафақаларнинг оширилиши ҳисобига иқтисодиётда ўртача номинал иш ҳақиларнинг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли ошиши кузатилди ва бу, ўз навбатида, ички талабни рағбатлантирувчи асосий омиллардан бўлди.
Ушбу даврда тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга кўп кредитлар ажратилган.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

Июнь ойида йиллик инфляция суръати 12,2 фоизни ташкил этиб, ушбу ўсиш асосан глобал инфляцион жараёнлар шароитида импорт инфляцияси, товарларни етказиб бериш ва логистикасида юзага келаётган муаммолар ва ғалла етиштириш ва сотиш нархларининг эркинлаштирилиши каби омиллар билан изоҳланади.
Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,5 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,7 ва 6,8 фоизга қимматлашди.
Бу ўз навбатида, умумий инфляциянинг пасайиб боришида озиқ-овқат нархларининг барқарорлашувига асосий эътиборни қаратишни тақозо этади.
“Июнь ойида ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича аҳоли вакилларининг инфляцион кутилмалари май ойидаги кескин ўсишдан кейин (17,6 фоиз) пасаювчи динамикани кўрсатиб, 16,4 фоиз атрофида шаклланган бўлса, тадбиркорлик субъектлариники 15,7 фоизгача пасайди (май ойида 17,3 фоиз)”, - дейилган хабарда.
Истеъмол нархлари ўзгаришининг ҳафталик кузатувлари, ҳафталик ўсиш суръатлари май ойиниг охирги ва июнь ойининг бошидаги ҳафталарида энг юқори ўсиш нуқталаридан ўтиб, июль ойининг дастлабки 2 ҳафтасида нисбатан барқарорлашганлигини кўрсатмоқда.

Пул-кредит шароитлари

Асосий ставканинг пасайтирилиши натижасида июнь ойида банклараро пул бозорида ўртача тортилган фоиз ставкаси май ойидаги 18 фоиздан 17,1 фоизгача пасайди. Июнь ойида Uzonia индекси асосий ставка билан юқори фоиз коридори оралиғида – 17 фоиз атрофида шаклланди.
Пул бозорида нисбатан узоқроқ муддатли бир ойдан уч ойгача бўлган операциялар бўйича фоизлар май ойидаги 19,6 фоиздан июнь ойида 18,9 фоизгача пасайиши кузатилди.
2022 йил июнда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 21 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 17,7 фоизни ташкил этди. Депозитларнинг реал фоиз ставкалари аҳоли омонатлари бўйича 7,8 фоиз ва юридик шахслар депозитлари бўйича 4,9 фоиз даражасида шаклланди. Аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари II чоракда 21 фоизга ва йил бошига нисбатан 30 фоизга кўпайди.
Иқтисодиётга миллий валютада йўналтирилган кредитларнинг фоиз ставкаларида ҳам май ойидаги кўрсаткичларга (23 фоиз) нисбатан пасайиш кузатилиб, ўртача 22,8 фоизни ташкил этди.

Макроиқтисодий прогнозлар

Таъкидланишича, биринчи ярим йилликда жаҳон ва ички иқтисодиётда кузатилган ҳолат мазкур даврда юз берган геосиёсий вазият ҳисобига кескин шок ва ноаниқликлар таъсирида макроиқтисодий ривожланишнинг ҳеч бир сценарийсида кўзда тутилмаган тарзда шаклланди.
Марказий банк ташқи иқтисодий вазиятлар бўйича ноаниқликлар, ялпи талабни шаклланиши ва таклиф бўйича кутилаётган тенденцияларни инобатга олиб, 2022 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий ривожланиш прогнозларини қайта кўриб чиққан.
Юзага келаётган инфляцион жараёнлар, тартибга солинадиган нархлар оширилишининг кейинга қолдирилиши билан бир қаторда мавжуд ноаниқликлар ва хатарларни инобатга олган ҳолда йил якуни бўйича инфляция даражаси 12-14 фоизлик коридорнинг қуйи чегараси атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.
“Иқтисодиётда мавжуд захиралар ва ялпи талабнинг жорий тенденцияларидан келиб чиқиб йил якуни бўйича ЯИМнинг реал ўсиши 5,0-5,5 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда (апрель ойидаги прогноз 3,5-4,5 фоиз)”, - дейилади МБ хабарида.
Бугунги қарор таъсирида келгусида шаклланадиган пул-кредит шароитлари инфляция прогнозининг пасайиб бориши билан реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини, миллий валютадаги активларнинг даромадлилиги сақланиб қолишини таъминлайди.
Марказий банк ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни синчковлик билан ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриб боради.
Асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2022 йил 8 сентябрь кунига белгиланган.
Янгиликлар лентаси
0