ИҲТ Хивани 2024 йил "Ислом дунёсининг туризм пойтахти" деб эълон қилди
© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев и Президент Азербайджана Ильхам Алиев посетили город Хиву
Oбуна бўлиш
Ўзбекистон номзоди номзодликка қўйилган 5 та давлат шаҳарлари ичидан танлаб олинди.
ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг XI сессияси доирасида илк бор Ўзбекистон шаҳарларидан бири – Хива 2024 йил “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” дея эълон қилишга доир қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ислом дунёсининг туризм пойтахти номинациясига 5 давлатдан шаҳарлар номзоди қўйилди:
Абу-Даби (БАА);
Шанлиурфа (Туркия);
Лаос (Нигерия);
Душанбе (Тожикистон);
Хива (Ўзбекистон).
“Сўнгги йилда бу шаҳарлар орасида номинацияда ғолиблик учун шиддатли кураш кузатилди. Шунга қарамай, Ўзбекистоннинг бу йўналишда олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида Хива “Ислом дунёсининг туризм пойтахти” мақомини олишига доир қарорга келинишига эришилди”, дейилади хабарда.
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, ислом дунёсининг туризм пойтахти йили доирасида Хивада ИҲТга аъзо 57 давлатнинг туризм вазирлари ва туристик маъмуриятлари раҳбарларининг йиғилиши юқори даражада ўтказилади.
Шу билан бирга, Ислом олами ва зиёрат туризми салоҳиятини очиб берувчи илмий-амалий анжуманлар, фотокўргазмалар ва арт-экспозициялар бўлиб ўтади.
“2018-йилда президент ташаббуси билан ташкил этилган “Ипак йўли” халқаро туризм университети базасида ИҲТ давлатлари олим ва тадқиқотчилари иштирокида таълим соҳасидаги имкониятларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади”, дейди Азиз Абдуҳакимов.
Шунингдек, Хива шаҳрининг тарихий қиёфаси тикланиши, реставрация ва консервацияга оид амалга оширилган ишлар, қолаверса, электр устунларнинг демонтаж қилингани, сайёҳларнинг катта оқимини қабул қилиш учун яратилган шароитлар, инфратузилманинг яхшилангани, 5 юлдузли меҳмонхона қурилиши ҳамда бутик-отель ва ҳостеллар қурилиши фаол давом этаётгани алоҳида қайд этилди. Бундан ташқари, туризм ва унга ёндош соҳалар тадбиркорлари учун яратилган қулай шароитлар юқори баҳоланди.