Мирзиёев Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Конституцияга киритилиши шарт бўлган нормаларни санаб ўтди
Президент Конституцияга киритилиши шарт бўлган нормаларни санаб ўтди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 20.06.2022
Oбуна бўлиш
Парламент томонидан ишлаб чиқилган Конституция лойиҳаси референдум ўтказиш йўли билан қабул қилинади.
ТОШКЕНТ, 20 июн — Sputnik. Президент Комиссия таклифи асосида Парламент томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани умумхалқ муҳокамасида кўриб чиқишни ҳамда референдум ўтказиш йўли билан қабул қилишни таклиф этди.
Бу ҳақда президент раислигида ўтказилган Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари иштирокидаги учрашувда маълум қилинди.
“Биз Конституцияни такомиллаштириш бўйича янги ва жуда масъулиятли босқичга қадам қўймоқдамиз”, дейди президент.
Қайд этилишича, бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқаролардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушган.
Конституциявий комиссия томонидан тайёрланган таклифлар чуқур муҳокамадан ўтказилди ва ҳозирда Қонунчилик палатасига киритиш босқичида. Энди қонун, регламент асосида муҳокамалардан ўтказилади.
Маълум қилинишича, мамлакатда ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтирилиб, бу жазо тўлиқ бекор қилинди.
Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда.
Президент мавзуни давом эттириб, ўз сўзида “Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистонда ҳам кўплаб давлатларнинг Конституция ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда акс этган “Миранда қоидаси”ни қўллаш лозим.
Яъни, шахсни ушлаш чоғида унинг ҳуқуқлари ва нима сабабдан ушлангани содда тилда тушунтирилиши шарт.
Бундан ташқари, “Хабеас корпус” институтини ривожлантириш зарурлиги айтиб ўтилди. Шахс суднинг қарорига қадар кўпи билан қирқ саккиз соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги қўшимча қилинди.
Президент томонидан Конституцияга киритилиши илгари сурилган нормалар:
Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмаслиги;
Озодликдан маҳрум этилган барча шахсларга нисбатан инсоний муносабат ва уларнинг қадр-қиммати таъминланиши шартлиги;
Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланиш, турар ёки яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши шарт. Ҳар бир фуқарога мамлакатдан тўсиқларсиз чиқиш ва қайтиш ҳуқуқи кафолатланиши лозим.
“Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлаш. Ижтимоий давлат муҳтожларга уй-жой, яшаш учун зарур бўлган истеъмол товарларининг энг кам миқдори белгилаб қўйилишини назарда тутади;
Уй-жойга ёки шахснинг бошқа мол-мулкига унинг рухсатисиз кириш, уларни кўздан кечириш ва тинтув ўтказишга фақат қонунда белгиланган ҳолат ва тартибда йўл қўйилиши;
Тадбиркорлар қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга, ўз фаолияти йўналишларини мустақил равишда танлашга, тадбиркорликдан чекланмаган миқдорда даромад олишга ҳақли эканини;
Қишлоқ хўжалиги ерлари ва ўрмон фонди давлат тасарруфида бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномаси асосида берилиши;
Оила аёл ва эркакнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилиги асосида шаклланиши;
Давлат жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари асосида маънавий ва ахлоқий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун зарур шароитларни яратади;
Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир;
Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар қандай ажратиб қўйиш, уларнинг ҳуқуқларини чеклаш, объектлар ва хизматлардан фойдаланиши учун шарт-шароитлар яратишдан бош тортиш тақиқланади;
Давлат уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини амалга ошириш учун зарур шароитларни ва тенг имкониятларни яратади;
Алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болалар учун таълим ташкилотларида инклюзив таълим ташкил этилади;
Ҳар бир шахснинг қулай меҳнат шароитида ишлаш, меҳнати учун муносиб ҳақ олиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг ўзи ва оиласи ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлиши;
Ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши;
Болалар меҳнатига йўл қўймаслик;
Давлат чет элда яшаётган ва ишлаётган фуқароларимиз ҳамда ватандошлар билан мунтазам алоқаларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида ғамхўрлик қилиши;
Конституцияда экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозимлиги қайд этилди.
"Давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъи назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриши Конституцияда мустаҳкамланиши зарур", дейди президент.
Айтилишича, Бош қомусда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормалар ҳам бўлиши лозим.
Устозга бўлган юксак эҳтиром ҳам ўз ифодасини топиши зарур.
Шунингдек, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаcлигини Конституция даражасида белгилаш қайд этилди.
Президент маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш шунингдек, “Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат” деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этди.
"Мен Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказишни таклиф этаман. Мисол учун, Ҳисоб палатаси раисини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатини Сенатга ўтказиш мақсадга мувофиқ. Бу орқали Ҳисоб палатаси Давлат бюджети шаклланиши ва ижросини таъминлашда парламент назоратининг муҳим воситасига айланади", дейди президент.
Ҳокимлар бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоида Конституциядан чиқариб ташланади.
Конституцияга қонунчилик таклифларини киритиш институтини жорий этиш таклиф этилди. Унга кўра, мазкур институт доирасида 100 минг кишидан кам бўлмаган миқдордаги фуқаролар ўз қонунчилик таклифларини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш имкониятига эга бўладилар.
Шу асосда энди халқ бевосита қонун ижодкори сифатида ташаббус кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади. Қайд этилишича, мазкур янги қонунчилик таклифларини киритиш институтини Олий Мажлис Сенати, Омбудсман ва Марказий сайлов комиссиясига ҳам бериш вақти келди.
Айтилишича, конституцияда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикасининг Миллий хавфсизлик концепцияси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепциясини янги таҳрирда ишлаб чиқиб, Конституциявий қонун шаклида қабул қилишни таклиф этилди.
Референдумни ўтказиш ташаббуси билан қуйидагилар чиқиши мумкин:
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари;
Ўзбекистон Президенти.
Агарда президенти референдум ўтказиш ташаббускори бўлса, у ҳолда у Олий Мажлисга мурожаат этиши ёки референдум ўтказиш тўғрисида ўз қарорини қабул қилиши мумкин.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси референдум ўтказиш ташаббусини кўрсатиш тўғрисидаги материалларни ва масъул қўмитанинг хулосасини икки ҳафта ичида кўриб чиқади.
Референдум масаласига доир қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Сенатга, шунингдек референдум ўтказиш ташаббускорларига юборилади.
Референдумни ўтказиш ва референдум ўтказиладиган санани тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилгандан сўнг, кечи билан уч кун ичида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Референдум ўтказиш санаси бир ярим ойдан уч ойгача бўлган даврда исталган кунга тайинланиши мумкин.
2002 йил 27 январда Ўзбекистонда референдум ўтказилган.
Унда, “Сиз келгуси чақириқ Ўзбекистон Республикаси парламенти икки палатали қилиб сайланишига розимисиз?” деган биринчи саволга овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг 11 млн 344 минг 242 нафари (93,65 %) ёқлаб, 768 минг 828 нафари (6,35%) қарши овоз берган.
“Сиз Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколат муддатини беш йилдан етти йил қилиб ўзгартиришга розимисиз?” деган иккинчи саволга эса 91,78 % ёқлаб, 8,22 % қарши овоз берилган.
Янгиликлар лентаси
0