Бу йил президент мактабларига қанча ўқувчи қабул қилиниши маълум бўлди

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидентская школа в Ташкенте
Президентская школа в Ташкенте - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 08.06.2022
Oбуна бўлиш
Президент таълим муассасаларига 2022-2023 ўқув йили учун 75 мингга яқин квота ажратилди.
ТОШКЕНТ, 8 июн — Sputnik. Президент таълим муассасаларига 2022-2023 ўқув йили учун 75 мингга яқин квота ажратилди. Бу ҳақда Президент таълим муассасалари агентлиги Қабул комиссияси раиси Алишер Уббиев ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.
“Президент таълим муассасаларига 5-11-синф ўқувчиларига 2022-2023 ўқув йили учун жами 75 мингга яқин квота ажратилган. Хусусан, президент мактабларининг ҳар бирига 24 ўқувчи, жами 336 нафар ўғил-қиз қабул қилинади. Таянч мактабларига ҳам алоҳида квота белгиланган. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактаб 120 ўқувчи қабул қилади. Абу Али ибн Сино ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактабларга эса 40 тадан квота берилди”, дейди Алишер Уббиев.
Унинг таъкидлашича, жорий йилдан бошлаб 14 та президент мактабига ўғил-қизлар фақат 5-синфдан бошлаб олинади. Ҳозиргача мазкур мактабларга 4 мингга яқин, Ихтисослаштирилган мактабларга 10 мингдан зиёд ҳужжат қабул қилинган.
“Бундан буён ҳар йили 5-синфга ҳужжат қабул қилинади. Имтиҳонлар икки босқичда ўтади. Ҳар бир мактаб учун биринчи босқичдан муваффақиятли ўтган 480 нафар юқори балл тўплаган ўқувчи саралаб олинади ва иккинчи босқичга ўтказилади. Иккинчи босқичдан кейин 24 ўқувчи танлаб олинади”, дейди қабул комиссияси раиси.
Алишер Уббиевнинг сўзларига кўра, ҳозир мамлакатда фаолият юритаётган 9 та ижод мактабига фақат 7-синфга ҳужжат қабул қилинади. Янги очилаётган ихтисослаштирилган мактабларда эса бу йил истисно тариқасида 5-11-синфлар ҳам қабул қилинади.
“Ҳудудий мансублиги йўқ мактаблар ҳам мавжуд. Масалан, Ижод мактаблари ва Тошкент шаҳрида жойлашган учта таянч мактаби – Абу Али Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабларга ҳудудий мансублигидан қатъи назар ҳужжат топшириш мумкин. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактабга 5-синфдан, қолган икки ихтисослаштирилган мактабга эса 7-синфдан ўқувчи қабул қилинади”, дея қўшимча қилди у.
Янгиликлар лентаси
0