Тошкентда 72 ёшли беморда ноёб жарроҳлик ўтказилди

© Фото: Ўзбекистон ССВТошкентда 72 ёшли беморда ноёб жарроҳлик ўтказилди
Тошкентда 72 ёшли беморда ноёб жарроҳлик ўтказилди - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 29.05.2022
Oбуна бўлиш
Жарроҳликка Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган профессор бошчилик қилган.
ТОШКЕНТ, 29 май — Sputnik. Тошкентдаги замонавий клиникалардан бирида ноёб кардиожарроҳлик операцияси ўтказилди. Бор-йўғи етти сантиметрлик кичик кесма орқали кам инвазив усулда ва оғир жароҳатларсиз 72 ёшли беморнинг аорта клапани алмаштирилди, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, биринчи янгилик — беморнинг аортасига ўрнатилган мосламада. Уни “келажак авлод клапани” ёки “чок тикилмайдиган клапан” деб аташ мумкин. Ушбу мослама организмда 10-15 йил бенуқсон ишлайди. Асоратлари эса жуда кам.
Иккинчи янгилик — мазкур клапанни ўрнатиш учун анъанавий операциядаги сингари танани очиб, 1,5-2 соат давомида юракни тўхтатиб қўйиш шарт эмас. Бу жараён учун атиги 10-15 дақиқа кифоя.
Учинчи янгилик — операциядан бир кун ўтибоқ бемор бемалол юра олади. Жароҳатлар битиши учун жуда кам вақт талаб этилади. Реабилитация жараёни тез ва осон кечади.
Бу юқори технологик амалиётга Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон-томир жарроҳлиги марказида узоқ йиллар тажриба орттириб қайтган малакали кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков бошчилик қилган.
Шифокорнинг қайд этишича, у мамлакатдаги фаолияти давомида 4,5 мингдан зиёд операцияларда иштирок этди. Аммо улардан 28 таси Ўзбекистонда илк бор бажарилган ноёб амалиётлардир.
Бугунги операция ҳам Ўзбекистонда ҳали оммалашиб улгургани йўқ. Бироқ шифокор-олим яқин йилларда “келажак авлод клапанлари” республикада минглаб беморларнинг умрига умр қўшишига ишонади.
“Авваллари мамлакатимизда бундай инсонлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган, — дейди Ёрбеков. —Қолаверса, дунёнинг энг ривожланган давлатлари клиникаларида ҳам бу сингари операциялар ҳар доим муваффақиятли ўтказилмаган. Энди эса Ўзбекистон тиббиёти янги босқичга кўтарилиши, хусусан, кардиохирургия соҳасига илм-фаннинг сўнгги ютуқлари кенг татбиқ этилиши юртдошларимизни узоқ йўл босиб, катта маблағ сарфлаб хорижий мамлакатларда даволаниш ташвишидан халос этди".
Янгиликлар лентаси
0