ССВ: Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилгани йўқ

© Sputnik / Михаил МокрушинОбезьяна в клетке
Обезьяна в клетке - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 23.05.2022
Oбуна бўлиш
Отабеков: айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз.
ТОШКЕНТ, 23 май — Sputnik. Ўзбекистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари профессор Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига асосланиб маълум қилишича, бу касаллик ҳозиргача 14 та давлатда қайд этилган. Инфекцияни юқтирганлар сони 90 нафарга яқинлашгани айтиляпти. Шу кунгача ўлим ҳолатлари рўйхатга олинмаган.

“Ўзбекистонда ҳозирга қадар маймун чечаги қайд этилгани йўқ. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб бу инфекциянинг юртимизга кириб келмаслиги учун зарур чораларни кўряпмиз”, - деди у матбуот анжумани давомида.

Отабеков бу хасталик кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқлигини таъкидлади. Яъни илк бор у бундан 52 йил аввал Конго Демократик Республикасида аниқланган. Касалликнинг алоҳида ҳолатлари Марказий ва Ғарбий Африка мамлакатларида кузатилган.
“Биздаги маълумотларга кўра, маймун чечаги деярли барча ҳолатларда ҳайвонлардан одамга юқади. Асосан эндемик ҳудудларга сафар қилган ва жониворлар билан мулоқотда бўлган кишиларда тасдиқланиши мумкин”, - дейди Отабеков.
Дунё бўйлаб касалликнинг қайта авж олиши 7 май санасидан бошланган. Шу куни Буюк Британияга Нигериядан қайтган сайёҳда мазкур инфекция аниқланди. Унда касаллик белгилари терида тошмалар тошиши билан намоён бўлган. Шундан сўнг ушбу мамлакатда ўнга яқин беморлар маймун чечагига чалингани маълум бўлди.
Кейинроқ АҚШ, Канада, Испания, Португалия, Франция, Италия, Швеция, Бельгия, Нидерландия, Греция, Австралия, Исроил ва Швейцарияда ҳам хасталик тарқала бошлаган.
Таҳлилларга кўра, касаллик одатда енгил кечяпти ва беморларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта ичида тузалиб кетмоқда.
Шунга қарамай, ҳозир ЖССТ маймун инфекцияси кенг тарқалиб кетмаслиги учун дунё мамлакатларини профилактик чораларни кучайтиришга чақирмоқда.
Мутахассислар фикрича, айнан маймун чечагига қарши эмлаш препаратлари мавжуд бўлмаса-да, бир қатор мамлакатлар оддий чечакка қарши вакциналар орқали бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
Чунки икки вирус бир-бирига ўхшаш ва шу туфайли бундай вакциналар маймун чечагининг олдини олишда тахминан 85 фоизга самара бериши кутиляпти.
Янгиликлар лентаси
0