Ўзбекистон бўйлаб газ ва электр энергия учун ижтимоий норма жорий этилади
13:12 19.05.2022 (янгиланди: 13:17 19.05.2022)
© Sputnik / Стрингер
/ Oбуна бўлиш
Ўзбекистон энергетика соҳаси ислоҳ қилинади. Уч вазирлик тегишли баёнот билан чиқди.
ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ва Энергетика вазирликлари мамлакат энергетика соҳаси ислоҳ қилинишини маълум қилишди.
Қайд этилишича, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 61 млрд кВт.соатдан 72 млрд кВт.соатга ёки 1,2 баробарга ошди. Бунда аҳоли истеъмоли учун етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт.соатдан 16 млрд кВт.соатгача ёки 1,5 баробарга ўсди.
Шунга қарамасдан, етказиб бериш инфратузилмаси билан боғлиқ муаммоларнинг мавжудлиги ҳисобига 2021 йилда республика бўйича электр энергиясига қондирилмаган талаб ҳисоб-китобларга кўра 2−3 млрд кВт соатни ташкил этади
Нега энергоресурслари бозори ва энергия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш зарурати юзага келган
Хабарда келтирилишича, иссиқлик электр станцияларидаги (ИЭС) энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда. Уларнинг фойдали иш коэффициенти паст (25−35%) ва замонавий буғ-газ ускуналарига (фойдали иш коэфициенти — 55−60%) қараганда 2 баравар кўп ёқилғи сарфлайди.
Сўнгги уч йилда ИЭСларга электр энергияси ишлаб чиқариш учун етказиб берилган табиий газ ҳажми 15 млрд куб метрдан 17 млрд куб метрга етди.
Шунингдек, ушбу даврда аҳолига етказиб берилган табиий газ ҳажми ҳам 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга кўпайди.
Вазирликлар ички бозорнинг табиий газга бўлган талабини қондириш учун экспорт ҳажмлари кескин камайтирилганини қайд этишган. Мисол учун, 2019 йилда табиий газ экспорти 12,2 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, жорий йилда 3,3 млрд куб метр ташкил этиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ушбу даврда табиий газнинг импорт ҳажми 0,2 млрд куб метрдан 4 млрд куб метргача ошган.
“Яъни, республика истеъмолчиларининг йилдан-йилга ошиб бораётган талаби бозорга эркин нархларда сотиб олинадиган табиий газ ҳажми оширилиши ҳисобига қопланмоқда. Бунинг натижасида давлат бюджети ҳисобидан амалдаги субсидияланган (ёки ҳақиқий таннархидан арзонроқ) табиий газ тарифлари даражасини сақлаб туриш учун бевосита ва билвосита харажатлар ҳажми ҳам ошиб бормоқда”, - дейилган хабарда.
Билдирилишича, мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермайди. Бу тақсимловчи тармоқлар ва трансформаторларнинг юқори даражада эскирганлиги билан тушунтирилган.
Бугунги кунда айрим ҳудудларда трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган 80 фоизли техник меъёрдан юқори. Хусусан, Тошкент вилоятида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси 95 фоиз, Андижон вилоятида 92 фоиз, Тошкент шаҳрида 90 фоиз, Наманган вилоятида 84 фоизни ташкил этади.
“Республиканинг 101 та шаҳар ва туманларида трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган техник меъёрдан юқорилиги аҳолини ва янги инвестиция лойиҳаларини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаб беролмаслик ҳамда ҳудудларда электр таъминотида авариялар сони ошиши хавфини келтириб чиқармоқда”, - дейилади хабарда.
Идоралар нархларнинг бозор механизмлари асосида шаклланмаганлиги ва асосий фондларнинг эскирганлиги соҳа корхоналари молиявий аҳволининг ёмонлашувига олиб келётганини маълум қилишган. Хусусан, 2021 йилни Ўзтрансгаз — 2,5 трлн сўм, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари — 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган.
Вазирликлар электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллашига эътибор қаратишган. (Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади, шу сабабли унинг нархи арзонроқ).
Молия вазирлиги маълумотларига қараганда, электр энергиясининг 1 кВт соатининг таннархини 800 сўм деб олинса, бир ойда ўртача 200 кВт соат электр энергияси ишлатадиган хонадон ойига 101 минг сўм, 400 кВт соат электр ишлатадиган хонадон эса 202 минг сўм миқдорида шартли субсидия олмоқда.
“Бошқача қилиб айтганда, амалдаги тарифлар асосан даромади нисбатан юқори ва мос равишда кўпроқ энергия ресурслари истеъмол қиладиган абонентларга катта миқдордаги шартли субсидия берилишига олиб келмоқда. Мисол учун: бир пайтнинг ўзида 2−3 та кондиционер, биттадан ортиқ музлаткич, компьютер ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланувчи, яъни тўлов қобилияти юқори хонадонлар мос равишда кўпроқ электр энергиясини сарф қиладилар. Натижада ушбу хонадонлар кўпроқ шартли субсидия олмоқда”,- дейилади баёнотда.
Республикада табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи ёки 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
Шунингдек, электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд. Уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.
“Мисол учун, бугунги кунда 1000 куб метр табиий газнинг таннархини 1,4 млн сўм деб олсак, ўртача бир ойда 500 куб м газ ишлатадиган хонадон ойига 500 минг сўм, лекин 1000 куб метр газ ишлатадиган хонадон 2 баробар кўп ёки 1 млн сўм шартли субсидия олмоқда”, - дея таъкидланади хабарда.
Қандай чоралар мавжуд
Вазирликлар аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим, деб ҳисоблашади.
2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши прогноз қилинмоқда.
Қайд этилишича, электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади.
Вазирликлар ҳисоб-китобларига кўра, энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур.
“Ваҳоланки, "Ўзбекнефтгаз" АЖ ва "Иссиқлик электр станциялари" АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди. Шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келади”, - дейилган хабарда.
Соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан бир йўли экани урғуланган.
Бунда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти — бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади. Бунинг учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур.
“Албатта, ислоҳотларнинг ушбу ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя чоралари ишлаб чиқилмоқда. Бундан ташқари, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан пенсия ва болалари учун нафақа олувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилади”, - дейилади уч вазирлик баёнотида.
Ижтимоий норма тизими жорий этиш
Давлат томонидан энергия ресурслари нархларини "шартли субсидиялаш" амалиёти сақлаб қолинади. Бироқ, "шартли субсидиялар"ни тақсимлашда ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш мақсадида "ижтимоий норма" тизими бутун республика бўйича амалга киритилади.
Энергия истеъмол қилишнинг ижтимоий нормаси сифатида аҳоли томонидан имтиёзли тариф бўйича тўланадиган маълум миқдордаги энергия тушунилади. Яъни, муайян белгиланган миқдоргача нисбатан пастроқ (имтиёзли) нархда сотилади ва бу миқдордан ошиғи эркин бозор нархида сотилади.
Хабарда энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратиши таъкидланган.
Бу борада тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши кутилмоқда.