Эрдоған Украина сабаб Путин билан муносабатларни узмаслигини айтди

© AFP / ADEM ALTANПрезидент Турции Реджеп Тайип Эрдоган
Президент Турции Реджеп Тайип Эрдоган - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 19.05.2022
Oбуна бўлиш
Мени жаноб Путин билан ҳам, Зеленский билан ҳам алоқаларни узиш ниятим йўқ - Эрдоған.
ТОШКЕНТ, 19 май — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдоған пайшанба куни Украинадаги вазият туфайли Россия президенти Владимир Путин билан муносабатларни узиш ниятида эмаслигини айтди.
“Биз Россия билан ҳам, Украина билан ҳам муносабатларда мувозанатли сиёсат юритмоқдамиз. Мени жаноб Путин билан ҳам, Зеленский билан ҳам алоқаларни узиш ниятим йўқ. Мен махсус вакилимни Москвага ҳам, Киевга ҳам юбордим. Биз сиёсатимизни давом эттирамиз, янги жаҳон уруши ҳеч кимга фойда келтирмайди”, - деди Эрдоған Анқарада турк ёшлари билан учрашувда.
Туркия президентининг сўзларига кўра, у Украинадаги вазият бўйича “Путин ва Зеленский билан телефон дипломатиясини давом эттириш” ниятида.
Шу билан бирга, у учрашувда бир неча бор Анқара Россиядан табиий газ етказиб беришдан бош тортишга қодир эмаслигини таъкидлади.
“Табиий газнинг 50 фоизини Россиядан оламиз. Биз учун бу стратегик масала ва бу стратегик муносабатлар. Биз уларни буза олмаймиз”, - деди Эрдоған.
Туркия етакчисининг сўзларига кўра, Анқара Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришини қўллаб-қувватламайди.
“Дўстларимизга Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига йўқ дейишимизни айтдик. Ва биз бунга амал қилишда давом этамиз. Террорчиларни ҳимоя қилган давлатларнинг НАТОда бўлишига йўл қўймаймиз. Бу давлатлар Курдистон ишчилар партияси ва “Халқ ҳимояси бўлинмалари”нинг ватани, - деди Эрдўған.
Янгиликлар лентаси
0