Солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берганлик учун пул тўлаш тартиби белгиланди
© Sputnik / Зафар ХалиловСум
© Sputnik / Зафар Халилов
Oбуна бўлиш
Бир марталик пул мукофоти солиқ ҳуқуқбузарликлари учун белгиланган жарималарнинг 20 фоизи миқдорида белгиланади.
ТОШКЕНТ, 15 май — Sputnik. “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида жамоатчилик назорати самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарор билан Сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини жисмоний шахсларга қайтариш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, Ўзбекистон ва чет давлатлар фуқароларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар сотиб олган товарлар (хизматлар) қийматининг 1 фоизи уларнинг фискал белгили чеклари солиқ органларининг махсус мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган тақдирда қайтарилади.
Корпоратив карта орқали товарлар (хизматлар) сотиб олинган ҳолларда, солиқ органларининг махсус мобил иловасида чек рўйхатдан ўтказилганда жисмоний шахсларнинг банк картаси рақами кўрсатилади.
Қуйидаги чеклар солиқ органларининг махсус мобил иловасида рўйхатдан ўтказилмайди:
берилган кундан бошлаб 10 кун ўтган чеклар;
аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган чеклар;
автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари;
шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари.
Жисмоний шахс сотиб олган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисмини қайтариб олиниши ушбу жисмоний шахснинг жами даромадига киритилмайди.
Шунингдек, қарор билан Махсуc дастур орқали солиққа оид ҳуқуқбузарликлар аниқланган ҳолатлар ҳақида солиқ органларини хабардор қилган жисмоний шахсларга пул мукофотини тўлаш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Унга кўра, солиқ органлари аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари ҳақида солиқ органларининг махсус дастури орқали қуйидаги маълумотлар кўрсатилган ҳолда хабардор қилинади:
содир этилган солиққа оид ҳуқуқбузарлик тури;
солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этган хўжалик юритувчи субъект жойлашган жой.
Ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришда жисмоний шахс солиқ органларининг махсус дастурида мобил телефон ҳамда банк картаси рақамларини кўрсатади.
Бир марталик пул мукофоти солиқ ҳуқуқбузарликлари учун белгиланган жарималарнинг 20 фоизи миқдорида белгиланади.
Жисмоний шахсларга бир марталик пул мукофоти қуйидаги ҳолатлар тўғрисида солиқ органларини хабардор қилганлик учун тўланади:
- онлайн назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш тартиби бузилганлиги;
- нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархлар сунъий равишда оширилганлиги ёки пасайтирилганлиги;
- тадбиркорлик фаолияти давлат рўйхатидан ўтмасдан амалга оширилганлиги;
- идентификация воситалари орқали мажбурий рақамли маркировкалаш назарда тутилган маҳсулотларда қалбаки маркировка қўлланилганлиги ёки маркировка мавжуд эмаслиги;
- савдо ва хизматлар кўрсатиш қоидаларининг бузилиши аниқланган бошқа ҳолатлар.