Термизда фуқаро уйида ёввойи тўнғиз болаларини боқиб келаётгани аниқланди

© Фото: Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Ёввойи тўнғиз болалари
Ёввойи тўнғиз болалари  - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 12.05.2022
Oбуна бўлиш
Термизда фуқаро хонадонида сақланиб келинган 2 бош ёввойи тўнғиз боласи ҳайвонот боғига вақтинчалик топширилди.
ТОШКЕНТ, 12 май — Sputnik. Термиз туманидаги “Айритом” маҳалласида яшовчи фуқаро ёввойи тўнғизнинг 2 бош боласини ушлаб олиб, ўз хонадонида боқиб келган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар берди.
Айтилишича, бошқармага ёввойи тўнғиз боласи фуқаро хонадонида боқиб келинаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан ўрганиш олиб борилган ва хонадон эгаси инспекторларга ёввойи тўнғиз болаларини ўзи ушлаб олгани ва вақтинча сақлаётганини маълум қилган.
“Фуқарога ёввойи ҳайвонларни сақлаш бўйича амалдаги қонунчилик талаблари тушунтирилганидан сўнг бу хатти-ҳаракати ноқонуний эканини билдириб, ўз хоҳишига кўра тўнғиз болаларини Экология бошқармасининг давлат инспекторларига топширди”, - дейилади хабарда.
Ҳозирда ёввойи тўнғиз болалари қонуний тўхтамга келгунга қадар Термиз ҳайвонот боғига вақтинчалик топширилган.
Аввалроқ Тошкент вилояти Тошкент туманидаги хонадонларнинг бирида ноқонуний равишда шер боласи сақланаётгани аниқлангани хабар қилинган эди.
Маълумот учун, ёввойи ҳайвонларга эга бўлиш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади. Агар хайвонлар бошқа мамлакатлардан олиб келинган, зоология дўконларидан, зоопарклардан сотиб олинган, ов ёки балиқ овлашда ва бошқа ҳолларда тутилганлиги учун ҳужжатлар мавжуд бўлса қонунчиликка мувофиқ равишда сотиб олинган, деб ҳисобланади.
Янгиликлар лентаси
0