Президент Олмазорда истиқомат қилувчи уруш қатнашчиси хонадонида бўлди – видео

© Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизматиПрезидент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аппанов Аббос ота хонадонида бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Аппанов Аббос ота хонадонида бўлди. - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.05.2022
Oбуна бўлиш
Давлат раҳбари Аббос ота Аппановга ватан тинчлиги йўлидаги хизмати ва фидокорона меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди.
ТОШКЕНТ, 9 май — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Олмазор туманининг "Ачаобод" маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Аббос ота Аппанов хонадонида бўлиб, уни байрам билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.
Давлат раҳбари Аббос ота Аппановга ватан тинчлиги йўлидаги хизмати ва фидокорона меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирган.
Аббос ота урушдан аввал мактабда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берган. 1942 йилда Смоленскка чақирилган, Беларусни озод қилишда иштирок этган, сўнг Польша ва Берлингача борган. Бобонинг хотирлашича, 2 май куни куннинг иккинчи ярмида Рейхстагга ғалаба байроғи илинган. Аббос Аппанов 4-синфдан немис тилига қизиққани ва 1 йил Германияда яшагани учун тилни чуқур ўрганади ва 1946 йилда Ўзбекистонга қайтгач, 50 йил давомида 139-мактаб ва 111-мактабларда бошланғич ва юқори синф ўқувчиларига “Немис ва инглиз тили” фанидан дарс беради.
“Бутун умрингизни халқимизнинг, фарзандларимизни тарбия қилишга бағишлагансиз… Соғ-саломат бўлиб, қилган ниятларингиз амалга ошиб, фарзандларингиз, набираларингиз камолини кўриб юринг доим”, — дея табриклади уни Мирзиёев.
Мамлакатда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланади. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодлар хотирасига чуқур ҳурмат бажо келтириб, фашизмга қарши жангларда, меҳнат фронтида жонбозлик кўрсатган фахрийларга алоҳида эътибор ва эҳтиром кўрсатилади.
Давлат 2022 йилда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 15 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотини беришни белгилаган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда 236 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва ногирони қолган.
Вклад Узбекистана в победу над фашизмом - Sputnik Ўзбекистон, 1920, 09.05.2022
Ўзбекистоннинг фашизм устидан ғалаба қозонишда қўшган ҳиссаси
Янгиликлар лентаси
0